Мусофир чанқоғин боссин деб атай
Бузиб қўяр экан боғлар деворин" деб ёзаркан, "қадим аждодим" бирикмаси остида аждодларни, бутун халқни назарда тутади. Шунга ўхшаш, "Ўзбекнинг қоракўз болаларига битта дунё қолсин ҳайратлик" деганида ҳам ўзбек халқи назарда тутилгани тайиндир. Бадиий асарларда атоқли отларнинг турдош от маъносида қўлланилиши ҳам синекдоханинг бир кўриниши деб қаралади. Масалан, шоир "фақат Жумавойи бўлгани учун ҳавасларинг келар робинзонларга" деганида Робинзонга ўхшаш ҳаёт кечирувчи кишиларни - кўпчиликни назарда тутади.
Вазифадошлик муайян нарсанинг вазифасини иккинчи бир нарса бажариши натижасида аввалгисининг номи билан кейингиларини ҳам ифодалашдир. Масалан, “сиёҳ” сўзи илгари ёзувда “қора рангли суюқлик”, кейинчалик ёзишда ишлатилган “турли рангдаги суюқлик” маъноларида қўлланади. Ёки “ўқ” сўзи камоннинг ўқи//милтиқ ўқи//замбарак ўқи//ракета ўқи бирикмаларида ишлатилиши каби.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ: Ўзингиз танлаган бадиий асардан метафора, метонимия, синекдоха ва вазифадошликка мисоллар топинг, уларнинг нутқдаги вазифасини изоҳланг.
II топшириқ:Қуйида келтирилган гапларда маъно кўчишининг қайси тури қўлланганлигини тушунтириб беринг:
1. Оғир, ҳазин оҳанглар,
Юракларни эзади.
Турмушда ҳар севинчда
Ўргимчаклар кезарди.
2. Пўлат қуш ҳам қоматин ростлаб,
Булутларни этар тумтарақ...
3. Тонготар чоғида жуда соғиниб,
Бедил ўқир эдим, чиқди офтоб.
4. Лой хаёлотлар чашмадай тинди,
Пок-покиза бир қатра симоб...
22-мавзу: Сўзларнинг маънодошлиги, шаклдошлиги ва зид маънолиги ва буларнинг сўз қўллаш имкониятларига муносабатлари(2 соат)
Режа:
1. Маънодош сўзлар ҳақида маълумот.
2. Шаклдош сўзларнинг услубий қўлланиши.
3. Зид маъноли сўзлар ҳақида маълумот.
4. Маънодош, шаклдош ва зид маъноли сўзларнинг нутқ жараёнида қўлланишидаги ўзига хослик.
Таянч тушунчалар: маънодош, шаклдош, зид маъноли, маънодош сўзлар қатори, синонимик қатор, бош сўз.
Тилдаги айрим сўзлар шаклий жиҳатдан, айримлари маъно жиҳатдан, баъзилари эса талаффуз жиҳатидан ўхшаш бўлади. Айрим сўзларнинг маънолари бир-бирига қарама-қарши бўлади. Ана шу хусусиятларига кўра сўзлар қуйидаги гуруҳларга бўлинади
1. Маънодош сўзлар. Бир умумий маънони ифодалайдиган камида иккита сўздир. Маънодош сўзлар икки ёки ундан ортиқ сўзлардан иборат бўлган синонимик қаторни ташкил қилади. Масалан, юз, бет, башара, афт, чеҳра, турқ, ораз. Бу сўзлардаги бир умумлаштирувчи маъно замирида юзага келган маъно нозикликлари уларнинг фарқини ва қўлланишида ўзига хосликни таъминлайди.
Маънодош сўзлар одатда бир сўз туркумига мансуб бўлади: дўст, ўртоқ (от); аъло, яхши (сифат); юксалмоқ, ўсмоқ, ривожланмоқ (феъл); кўп, мўл (равиш).
2. Шаклдош сўзларайтилиши ва ёзилиши бир хил, аммо, маънолари ҳар хил бўлган сўзлардир. Масалан: 1) соз - пухта, маъқул; 2) соз - чолғу асбоби; 3) соз - иноқ, ўзаро яқин.
Шаклдош сўзларни кўп маъноли сўзлардан фарқлаш лозим. Улар айтилиши ва ёзилиши бир хиллиги жиҳатидан ўхшаш бўлса-да, шаклдош сўзлар маъносида ички боғланиш бўлмайди, уларнинг ҳар бири алоҳида маънога эга бўлган сўзлардир. Юқорида келтирилган созсўзининг ҳар бири алоҳида сўз ҳисобланади. Кўп маъноли сўз эса, ўз номидан англашилаётганидек бир неча маъноси бўлган бир сўздир. Кўп маъноли сўзлар англатган маъноларда ички боғланиш бўлади.
Шаклдош сўзлардан услубий мақсадларда кенг фойдаланилади, улар бадиий адабиёт ва сўз санъатида муҳим таъсирчан восита саналади. Шаклдош сўзларни қўллаш билан турли сўз ўйинлари, аския, пайров, ҳазиллар келиб чиқади, шеъриятда туюқ жанри тузилади. Масалан:
Бу дунёдин фараҳ йўқтур мени маҳсунга жононсиз.
Жаҳондин ким десун биллоҳ керакмас манга жон онсиз(Бобур).
Матн мазмунини очувчи шаклдош сўзларнинг маъносини тўғри фарқлай билиш муҳимдир. Маънони тўғри англай олмаслик нутқда ноаниқликка, баъзан қўпол хатога йўл қўйиш ҳоллари учрайди. Бу ҳолат шаклдошларнинг бошқа кўриниши – паронимлар (товуш жиҳатдан фарқли, аммо айтилиши ўхшаш сўзлар)да, айниқса, яққол кўринади. Масалан, Асилноминг нима?, Кўйлак аслшоҳидан тикилган гапларда асил ва аслсўзлари нотўғри қўлланган.
Зид маъноли сўзлар бир-бирига зид, қарама-қарши маънони билдирувчи сўзлардир. Масалан катта-кичик, аччиқ-ширин, рост-ёлғон каби.
Одатда иккита сўзнинг зид лексик маъно муносабати зид маъноли (антоним) сўзларни ҳосил қилади, бирини айтиш билан унинг зид маъноси ҳам назарда тутилади. Тилда белги-хусусият англатувчи сўзларда зидлиқ қарама-қаршилик муносабати кенгроқ тарқалган: узоқ-яқин, оқ-қора, оч-тўқ, дўст-душман каби.
Зид маъноли сўзларнинг нутқда жуфт ҳолда ишлатилиши кўпроқ учрайди, бунда сўзларнинг зид маънолари умумлашади: яхши-ёмон, оқу қора, ёшу қари каби.
Нутқда воқеа-ҳодисалардаги, характер-фаолиятдаги қарама-қарши муносабатларни кўрсатиш ва зидлаш усули орқали ифодавийликка, маънони кучайтиришга, белгини аниқ ажратишга эришилади. Шунга кўра, фикрни таъсирли, кучли, тасвирий ифодалаш, ажратиб таъкидлаш мақсадида бадиий асарда, халқ оғзаки ижодида зид маъноли сўзлардан кенг фойдаланилади. Халқ мақоллари ва ибораларида ҳам зид маъноли сўзлар тез-тез кўзга ташланади: Яхши топиб гапирар, ёмон қопиб. Ақлли ўзини айблар, ақлсиз- дўстини каби.
Нутқда сўз қўллаш меъёрларини билиш, сўз ва ибораларнинг услубий маъно томонларини ўрганиш, тилимиздаги эскирган ва янги сўзларнинг қўлланиш хусусиятларини аниқлаш, оқибат натижада, оғзаки ва ёзма нутқнинг равонлигини, тўғрилигини таъминлашга хизмат қилади. Нутқда сўзларни, ибораларни тўғри, ўз ўрнида ишлатиш киши фикрининг равонлигидан, унинг маданиятлилигидан далолат беради. Кўпинча қуйидаги ҳолларда хатоларга йўл қўйилади:
1. Нутқда сўзнинг аниқ маъносини билмаслик натижасида маънодош сўзларни ноўрин қўллаш. Масалан, ўрин, жой, макон сўзлари бир синонимик қаторни ташкил қилади. Бироқ уларни ҳамма вақт ҳам бирини иккинчисининг ўрнида қўллаб бўлмайди: у ўз ўрнида одам, ўз жойига эга; у ўз маконига каби. Яна: инсон, киши, одам синонимик қатордаги сўзларни ҳам бирини иккинчисининг ўрнида ҳамма вақт ҳам қўллаб бўлмайди. Масалан, инсон келди, одам келди, киши келди.
2. Шаклдош ва кўп маъноли сўзлар ўртасидаги фарқларни билмаслик туфайли. Масалан: от (исм), от (ҳайвонинг бир тури), от (ҳаракат маъносида)-сўзлари шаклдошлардир. Бош (одамнинг боши), бош (сатрнинг боши), бош (йўлнинг боши) кабилар кўп маъноли сўзлардир.
3. Пароним (талаффузи ўхшаш) сўзларни қўллаганда уларнинг маъноси билан талаффузини тушунмаслик туфайли. Масалан: дипломат-дипломант, афзал-абзал, факт-пакт, амр-амир каби.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар: