Нодира қачон умархондан жудо бўлди?
А. 1820 йил
Б. 1822йил
В. 1829 йил
Г. 1825 йил
36-мавзу: Муқимий ғазаллари(2 соат)
Режа:
1. Муқимийнинг ҳаёти ва ижоди.
2. Муқимий лирикаси.
3. Муқимий ғазалларининг мавзулар олами.
Таянч тушунчалар:Беквачча, “Хоким ойим”, “Меҳтар ойим”, “Ҳазрат” мадрасаси, хаттот, “Танобчилар”
Ўзек адабиётининг йирик вакилларидан бўлган Муҳаммад Аминхўжа Муқимий 1850 йилда Қўқонда “Беквачча” маҳалласида туғилади. Бўлажак шоирнинг онаси Бибиойша адабиёт ва санъатни севган аёл бўлиб, Муқимийда адабиётга ҳавасни онаси уйғотган.
Муҳаммад Аминхўжа маҳалласидаги мулла Абдухалил домла мактабида хат-савод чиқаргач, отаси моддий қийинчиликка қарамай, ёлғиз ўғлининг чуқурроқ илм олишини истайди. Муқимий истеъдодли, хати ғоят чиройли эди. У 1864 йилда Қўқондаги “Ҳоким ойим” мадрасасига ўқишга киради. 1867 йилда онаси вафот этади. Бироз вақт ўтгач отаси Зиёдабиби исмли бир аёлга уйланади. 1873 йилда мадрасани битиргач Муҳаммад Аминхўжа ўқишни давом эттириш учун Бухорога йўл олади. У 1876 йилгача Бухородаги “Меҳтар ойим” мадрасасида ўқийди. Шу йили ўгай онаси Зиёдабибининг аввалги турмушидан бўлган Санамбиби исмли қизига уйлантирадилар. 1977 йидла Муҳаммад Аминхўжа тирикчилик ўтказиш учун Қўқондаги ер қурилиш маҳкамасига мирзалик вазифасига ишга киради. Шоир маҳкамада айрим ер ўлчовчи амалдорларнинг турли ҳийла- найрангларини кўради. Бу кейинчалик “Танобчилар” ҳажвиясининг ёзилишига сабаб бўлади. Сўнг Сирдарё бўйидаги Оқжар паромига паттачи бўлиб ишга киради. Бироқ у ердаги ғирромликлар шоирнинг руҳини ўлдиради. У бу ердан ҳам ишдан кетади. Шоирнинг рўзғор юритиш борасидагина эмас, балки оилавий ҳаётида ҳам омади чопмади. У бадиий завқдан маҳрум, адабиётдан узоқ, ўзини тушунолмайдиган Санамбиби билан узоқ яшай олмади. 1879 йилда улар ажрашадилар. Шоирнинг аёли ўғли Акбархўжани онаси Зиёдабибига қолдириб, бошқага турмушга чиқиб кетди. 1886 йилда шоирнинг отаси ҳам вафот этади. Муҳаммад Аминхўжа XIX асарнинг 70-йиллари охиридан эътиборан тўлиғича бадиий ижодга берилди. “Муқимий” тахаллуси билан шеърлар ёзиб, довруғ қозонди.
Муқимий 1887-1888 йилларда Тошкентга келиб, олти-етти ой туради. Ота қариндошлари билан учрашади. Алмайи, Нодим Намангоний сингари адиблар билан танишиб, яқиндан алоқа боғлайди. Муқимий ҳамиша иқтисодий тангликда яшаганлиги учун ҳам 1886 йилда отадан қолган ҳовлини сотиб, ўғли Акбархўжа билан “Ҳазрат” мадрасасидаги бир ҳужрага кўчиб ўтишга мажбур бўлади. Кишилар учун хат ёзиб, китоб кўчириб, шундан келадиган даромат ҳисобига кун кўрган. Азалдан хати чиройли шоирнинг мижозлари кўп эди. У ўз вақтида замонасининг етук хаттоти Муҳаммад Юсуфдан махсус сабоқ ҳам олганди. Муқимийнинг 1892-1899 йиллар орасида икки марта Тошкентга келиб кетгани маълум. Тошкентга қилинган саёҳат шунчаки яқинларини кўришгина бўлмай, балки янги маданият, янги турмуш, янгича қарашлар билан танишиш ҳам эди.
Сариқ касалига йўлиққан Муқимий 1903 йилнинг 25 майида мадрасадаги ҳужрасида вафот этади.
Муқимий лирикасининг каттагина қисмини ғазал, мурабба ва мухаммаслар ташкил этади. Шоирнинг жуда кўп ғазаллари унинг тириклигидаёқ қўшиқ бўлиб куйланган. Маърифатчи шоир шеърларида гўзал инсоний туйғулар ёқимли ва тушунарли ифодалангани учун халқ орасида тез ёйилган. Муқимий шахсиятида ғурур ва масъуллик туйғулари кучли эканлиги учун ҳам азалдан бадиий сўзга ўта жиддий муносабатда бўлган. Унинг:
Бўлмагай ҳосил, Муқимий, маъние ҳар лафздин,
Дона сочқон била ҳар қишлоқи деҳқон бўлурму?-деган сатрлари ижоднинг асл моҳиятини ифодалайди. Яъни шоир бутун ижоди мобайнида бадиият намунаси бўладиган сўз айтишга уринади. У шеъриятнинг мартабасини баланд тутди. Бадиий сўзга енгил-елпи муносабатда бўлмади. Шоир лирикаси, асосан, анъанавий йўналишда бўлиб, ишқ-муҳаббат кечинмалари тасвирланади. Унда ёрнинг қоши, кўзи, юзи, сочи, қадди-қомати таърифи келтирилади. Ошиқ висол лаззатидан қувонади, ҳижрон азобидан изтироб чекади. Лекин ҳар икки ҳолда ҳам ёрнинг ҳусни салтанатига, умри давлатига ривож тилайди. Муқимий лирикасидаги маъшуқа – жуда гўзал. Аммо у қанчалик гўзал бўлса, шунча бевафо, жафокор. Шу сабабли шоир шеърларида қувончдан кўра ҳасрат кўп:
Туйғунг менинг қонимдадур, зулфинг гирибонимдадур,
Юз минг алам жонимдадидур, ман мубтало қайга борай?!
Муқимий лирикасига хос энг мақбул жиҳатлар шоирнинг “Навбаҳор очилди гуллар, сабза бўлди боғлар” мисраси билан бошланадиган ғазалида намоён бўлади. Навбаҳор – эрта кўклам, борлиқнинг эндигина уйғона бошлаган пайти. Табиатнинг шу паладаги кўриниши шоирни ҳайронга солади, у поэтик сўз ёрдамида кўкламнинг таровати манзарасини чизади, Лекин шоир учун атроф гўзаллигининг ўзи кифоя эмас. У шундай дамларда яқин кишилари билан бўлгиси келади:
Навбаҳор очилди гуллар, сабза бўлди боғлар,
Суҳбат айлайлик, келинглар, жўралар , ўртоқлар!
Шоирнинг фикрича, ҳаётнинг маъноси дўст-у улфатлар билан бирга бўлишдадир. Шу боис, у жўраларни суҳбатга чорлайди:
Хуш бу маҳфилда тириклик улфат-у аҳбоб ила,
Ўйнашиб гаҳи табиатни қилайлик чоғлар.
Муқимий лирикасининг каттагина қисмини ҳажвиёт ташкил қилади. Янги замонинг вакили сифатида шоир ижодига миллатнинг ўзгариб бораётган ижтимоий тафаккури кучли таъсир кўрсатиши табиий эди. Чунки у борлиқдан, ижтимоий турмушдан, атрофдаги одамларнинг дард-у ғамларидан узилиб қолмаган, балки шуларга қўшилиб бораётган ижодкор эди. Шунинг учун Муқимий ижодида жамият ва шахслар ҳаётидаги иллатларни инкор этиш, уларни кулгига олиш, ҳажвий танқид қилиш, хуллас, фаол ижтимоий муносабат етакчилик қилади. Унинг “Танобчилар”, “Тўйи Иқонбачча”, “Масковчи бой таърифида”, “Ҳажви Виктор”, “Сайлов”, “Дар шикояти Лахтин”, “Воқеайи кўр Ашурбой” каби ҳажвияларида жамиятдаги турли мавзулар қаламга олинади.
Хуллас, Муқимийнинг ижоди кўп асрлик ўзбек адабиётининг тамомила янги босқичга кирганини, у оддий кишилар турмушига бевосита аралаша бошлаганини кўрсатади. Муқимий умуминсоний туйғулар, азалий мавзулар билан биргаликда ўз даврини, шу даврда яшаётган одамларнинг катта-кичик муаммоларни бадиий адабиётнинг масаласига айлантира билди. Шу тариқа адабиёт халқ ва унинг ҳаётига яқинлашди.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ.Қуйидаги саволларга жавоб беринг.
1. Муқимийнинг шоир бўлиб етишишида оила муҳитининг роли қандай бўлган?
2. Шоирнинг шахсиятига хос хусусиятлар, оилавий ҳаётидаги мураккабликлар ижодига қандай таъсир кўрсатган?
3. Муқимий лирикасининг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?
4. Муқимийнинг адабий мероси ҳақида нималарни биласиз?
II топшириқ: “Навбаҳор” ғазалини ёд олинг.
III топшириқ: Қуйидаги тест саволларининг жавобини аниқланг.
1. Муқимийнинг “Навбаҳор” ғазалидаги “маҳфил” сўзининг маъноси нима?
А. Жой
Б. Кечириш
В. Қийноқ
Г. Зорланиш
2. Муқимий қайси йилларда Тошкентда яшади?
А. Муқимий Тошкентда яшамаган
Б. 1864 -1867 йилларда
В. 1887-1888 йилларда
Г. 1877 йилда
3. Муқимий тахаллусининг маъноси нима ?
А. Саводли
Б. Бир ерда доимий турувчи
В. Паттачи
Г. Кўчиб юрувчи
4. Қуйидаги байтда қандай бадиий санъат қўлланган?
Навбаҳор очилди гуллар, сабза бўлди боғлар,
Суҳбат айлайлик, келинглар, жўралар , ўртоқлар!
А. Ташбеҳ
Б. Таносиб
В. Ийҳом
Г. Тажнис
5. Муқимий умрининг охирида Тошкентдаги қайси мадрасада яшади?
А. Ҳоким ойим
Б. Беквачча
В. Меҳтар ойим
Г. Ҳазрат
37-мавзу: Ҳамид Олимжон ва Зулфия(2 соат)
Режа:
1. Ҳамид Олимжон ва Зулфия - ўзбек адабиётининг йирик вакили.
2. Ҳамид Олимжон ва Зулфия лирикасида мавзулар олами.
Таянч тушунчалар:Лирика, лирик қаҳрамон, поэма, ватан мавзуи, ҳижрон мотиви, адабий эртак, шеърий драма, фольклор анъаналари, “Ҳижрон кунларида”, “Қуёшли қалам”, “Уни Фарҳод дер эдилар”, “Хотирам синиқлари”.
Ҳамид Олимжон 1909 йил 12 декабрда Жиззах шаҳрида дунёга келди. У тўрт ёшга тўлганда отаси Олимжон вафот етди. Азим бобо Жиззахнинг хатли-саводли ва обрў-эътиборли кишиларидан бўлиб, Фозил Йўлдош ўғли Хатирчидан жиззахлик ёру дўстларини йўқлаб тушганда, унинг хонадонида ҳам бўлар эди. Шундай пайтларда Абдулҳамид бобоси пинжига ўтириб, навқирон бахшининг дўмбира жўрлигида айтган достонларини қизиқиб тинглар эди. Онаси Комила ая ҳам халқ эртакларини яхши билар эди. Бўлажак шоир узун қиш кечаларини онасининг "Ёрилтош", "Ойгул ва Бахтиёр", "Тоҳир ва Зуҳра" ҳақидаги сеҳрли эртакларини тинглаб ўтказган. Кейинчалик онаси айтган ана шу эртаклар Ҳ. Олимжоннинг шоир бўлиб етишувида замин вазифасини ўтади.
1916 йилдаги Жиззах қўзғолони Абдулҳамидни гўзал эртаклар оламидан юлқиб олиб, феодал асрнинг ўтли нуқталаридан бирига ташлади. Қўзғолонни бостириш учун келган жазо отряди аҳолининг кичик бир қисмини қиличдан ўтказиб, қолган қисмини жазирама даштга ҳайдади. Шаҳарни тўпга тутиб, шу жумладан, Ҳ. Олимжонлар яшаган қўрғонни ҳам ер билан яксон қилишади. Азим бобо билан фарзанди Аҳмаджон эса Руссия шаҳарларига мардикорликка юборилади. "Мен бир қора кунда туғилдим. Туғилдим-у шу он бўғилдим" каби мисралар шундай пайтларда оқ қоғозга тўкилган бўлса, не ажаб.
1917 йилда аввал Февраль инқилоби, кейин Октабрь тўнтариши юз берди. Абдулҳамид Жиззахда очилган Наримонов номидаги тўлиқсиз ўрта мактабни тугатиб, Самарқанддаги ўзбек билим юртида ўқишни давом эттирди. У ерда С. Айний, А. Шакурий, Ҳожи Муйин, Л. Вяткин каби олимлардан дарс олди ва бу сабоқлар уни шеър машқ қилишга илҳомлантирди. 1928 йилда Ўзбекистон Олий педагогика институтининг иқтисод факультетида ўқишни давом эттирди.
1929 йилда биринчи шеърий тўплами "Кўклам" номи билан босилиб чиқди, яна "Тонг шабадаси" ҳикоялар тўпламини эълон қилди. 1931 йилда Ҳамид Олимжон "Қурилиш" журналига масъул котиб қилиб тайинланди.
Пойтахт Тошкентга кўчиб келиши муносабати билан Ҳамид Олимжон 1931 йил августда "Ёш ленинчи" газетасида масъул котиб этиб тайинланди. Шоирнинг "Олов сочлар" (1931), "Пойга", "Ўлим ёвга" (1932), "Дарё кечаси" (1936), "Шеърлар" (1937), "Ўлка", "Ойгул билан Бахтиёр" (1939) ва "Бахт"(1940) шеърий тўпламлари, достонлари таржималари эълон қилинди. 1939 йилда у Ёзувчилар уюшмасига масъул котиб қилиб тайинланди.
Шоир 1944 йил 3 июль куни бахтсиз тасодиф туфайли оламдан кўз юмди.
Ҳамид Олимжон лирикасида ватан мавзуси энг асосий мавзулардан ҳисобланади.
Қулоғимга номинг кирганда
Қумлик каби ташна боқурман.
Сенинг жаннат водийларингда
Наҳрлардай тўлиб оқурман.
«Ўлка» шеъридан олинган бу мисраларда сохта туйғулар йўқ. Ҳамид Олимжон лирикасида самимий ҳис ва кечинмалар авж нуқтага кўтарилган.
Ватан образи Ҳамид Олимжоннинг кўпгина шеърлари марказида туради.
Охири мен ўсган эл яксон етиб ғам тоғини,
Барча тилсимларни очди, топди роҳат боғини,
Бир ватанким, бунда йўқдир дард ва ҳасратдан нишон,
Бир ватанким, ер ва осмонда одам топди шон.
Ҳамид Олимжонни 30-йиллар тўфонлари четлаб ўтмади. 1937 йилда у Ёзувчилар уюшмасидан ўчирилди. Шоирни Фитрат ва Чўлпонлар тақдири кутмоқда эди...
Ҳамид Олимжоннинг уруш давригача бўлган ижодида «Офелиянинг ўлими”, «Ҳолбуки тун», «Ишим бордир ўша оҳуда», «Ҳар юракнинг бир баҳори бор», «Жануб кечасида», «Хаёлинг-ла ўтади тунлар», «Бутун олам бир оппоқ сийна», «Дарё тиниқ, осмон беғубор», «Дунё гўзал кўринур менга», «Энг гуллаган ёшлик чоғимда» каби ўнлаб лирик дурдоналар бор. Бу шеърларда шоир руҳ мусаввири сифатида лирик қаҳрамоннинг нозик туйғу ва кечинмаларини моҳирона тасвирлади.
1939 йилда Ҳамид Олимжон халқ эртакларидан фойдаланиб «Семурғ ёки Паризод ва Бунёд» достонини ёзди. Бу достонда ҳам ўзбек халқ эртакларига хос воқеалар ривожлантирилиб, янги воқеалар занжирини ҳосил қилади. Бу достонда Семурғ, дев каби афсонавий образлар қатнашади.
Ҳамид Олимжон ижоди ХХ аср Ўзбек адабиётининг нурли саҳифаси бўлиб қолади. У қисқа умр йўли босиб ўтган бўлса-да ўзбек адабиётида ўзига хос ижодий мерос қолдирди. Ўзбек адабиётининг равнақига муносиб ҳисса қўшган Зулфиянинг тақдирида шоир ва умр йўлдош сифатида ўчмас из қолдирди.
Исроил Муслимов қизи Зулфия 1915 йил 1 мартда Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида дунёга келади. Ҳовли мўъжазгина бўлса-да, унда бир-биридан чиройли муаттар гуллар ўстириларди. Оиладагилар мусиқани, шеърни яхши кўрардилар. Зулфия оиладаги кенжа фарзанд бўлиб, унинг тўртта акаси бор эди. Уларнинг ҳаммаси кейинчалик катта лавозимларда ишлаганлар, қатағоннинг аччиқ-чучугини тотганлар.
Зулфия бошланғич мактабни битиргач, хотин-қизлар педагогика билим юртида (1931-1934 йиллар) ўқиди. Шу ерда шеър ёза бошлади. Билим юртининг олдида адабий тўгарак бўлиб, унинг раҳбари шоир Шукур Саъдулла эди. Тўгаракда Уйғун, Ғ.Ғулом каби шоирлар билан учрашувлар ўтказиларди. Шоира ҳаёт, турмуш сабоқларидан илҳом олди ва 17 ёшида «Ҳаёт варақалари»(1932) деган илк тўпламни нашрдан чиқарди. Аммо у бунда дунёга, инсонга ўз нуқтаи назаридан қараш даражасига кўтарилганди. 1935 йилда Зулфия ҳассос шоир Ҳамид Олимжон билан тақдирини боғлади. Бу шоира учун , унинг ижоди учун улкан бурилиш бўлди.
Шоира билимини ҳар томонлама ошириб борди, аспирантурада ўқиди, болалар нашриётида муҳаррирлик қилди. Иккинчи Жаҳон уруши кўпчиликни руҳий жиҳатдан тетиклаштирди, каттаю-кичикнинг эътибори Ватан ҳимояси бўлиб қолди. Уруш Зулфия учун катта синов даври бўлди. 1944 йилда турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжондан жудо бўлди, аммо бу айрилиш Зулфияни довдиратиб қўймади, энди у икки созни - ўзи ва Ҳамид Олимжон созини чалишни бўйнига олди. Бу шоира шеърияти мазмуни, йўналиши, руҳидагина эмас, айни чоқда ижтимоий фаолиятида ҳам яққол ифодаланди. “Саодат” журналида бош муҳаррир бўлиб ишлади (1953-1980), Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатида фаол қатнашди, мамлакатимиз вакили сифатида Ҳиндистон, Югославия, Шриланка, Миср, Бирма, Австралия каби мамлакатларни кўрди. Зулфияга қўша-қўша мукофотлар берилди, бу унинг эл олдидаги қатор хизматлари учун эди. У республика давлат мукофоти лауреати бўлди. «Сайланма»си учун собиқ СССР давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон халқ шоираси, халқаро «Нилуфар» мукофоти, Булғориянинг «Кирилл ва Мефодий» ордени соҳибаси каби юксак унвон ва мартабаларга сазовор бўлди. Унга Меҳнат қаҳрамони унвони ва кўплаб орден, медаллар берилди.
Зулфия севги, садоқат, ҳижрон, она, ватан, тонг, тинчлик, дунё, ҳуррият, ҳаёт, умр, юртдошлари ва тақдирдошлари жасорати, шодлиги, изтироблари, фожеаси, иродаси ҳақида ҳам қалам юритди, юритганда ҳам уларни ўз шахсий нуқтаи назари билан, шахсий дарду ташвиши тарзида талқин қилди.
Шоиранинг «Уни Фарҳод дер эдилар», «Қуёшли қалам», «Хотирам синиқлари» достонлари хақиқатан ҳам ихчам тузилишга эга.
Ҳамид Олимжон ҳаёт вақтидаёқ шоира ижодига ҳижрон оҳанги кириб келди. Бу оҳанг «Ҳижрон» шеърида , «Уни Фарҳод дер эдилар» достонида, Ҳ. Олимжон томонидан таҳрир қилиниб, босмага туширилган «Ҳижрон кунларида» шеърий тўпламида муҳим ўрин тутди. Агар «Ҳижрон кунларида» туркумида урушнинг шафқатсиз алангасида азобланган қалбнинг ғолиб чиқиши ифодаланса, «Юрагимга яқин кишилар»да шу инсондаги матонат, садоқат, некбинлик илдизларини одамлар меҳри, она-Ватан меҳрида кўради. «Мушоира» туркумида инсоният тақдири, ташвиш-интилишлари муштараклиги таъкидланади. «Ўйлар», «Йиллар, йиллар» туркумларида эса ҳаёт ва инсон, умр мазмуни, муҳаббат ва садоқат, яшаш ва кураш маъноси тўғрисида фикр юритилади.
Умуман, ҳассос ижодкорлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия шеър ва достонлари билан янги ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшди ва ўз номини адабиётимиз саҳифаларида муҳрлай олди.
Мавзуни мустахкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг.
1. Ҳ . Олимжоннинг болалик йиллари қандай ўтди?
2. Ҳ . Олимжон адабиёт майдонига қачон кириб келди?
3. Ҳ . Олимжон шеърларидаги андай мавзулар етакчилик қилади?
4. Уруш йилларида Ҳ. Олимжон қандай асарлар яратди?
5. Шоирнинг қайси шеърлари Зулфияга бағишланган?
6. Зулфия ҳаёти ҳақида нималар биласиз?
7. Зулфиянинг илк шеъри қайси ва қаерда босилган?
8. Зулфия ва Ҳамид Олимжон муносабатлари хусусида сўзланг.
9. Зулфия шеъриятида қандай мавзулар устунлик қилади?
10. Зулфиянинг ижодий меҳнати ҳукуматимиз томонидан қандай тақдирланган?
II топшириқ:Ҳ. Олимжонинг “Ўзбекистон” шеъри билан А. Ориповнинг “Ўзбекистон” шеърларини солиштиринг. Ўзбекиситон тасвирида ижодкорларнинг ўзига хос бўлган хусусиятлари ва улар ўртасида қандай яқинлик борлигини ўз мушоҳадаларингизни изоҳлашга ҳаракат қилинг.
III топшириқ:Ҳамид Олимжоннинг“Ўрик гуллаганда ” шеърини ёд олинг.
38-мавзу:С. Зуннунова. “Руҳ билан суҳбат” асари(2 соат)
Режа :
1. С. Зуннонова – ҳассос шоира.
2. Шоиранинг “Руҳ билан суҳбат” асари таҳили.
Истеъдодли шоира, жозибали насрий асарлар муаллифи Саида Зуннунова 1926 йили Андижон шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келди. Отадан эрта етим қолган Саида 1941-1943 йилларда Андижон педагогика институтида таҳсил олди. Андижон мактабларида муаллима, газета таҳририятларида адабий ходим бўлиб ишлади. Саида Зуннунованинг биринчи шеъри 1945 йили “Пахта фронти” газетасида босилган. Адабиётга муҳаббат ёш шоирани Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университет)нинг филология факультетига етаклади. У ўқишни тамомлаб, “Гулхан” журнали, “Ўзбекистон маданияти” газетаси ва Бадиий адабиёт нашриётида, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи бўлиб хизмат қилди.
Шоиранинг ёшлик сурури, Ватан шукуҳи ва меҳнат нашидасини тараннум этувчи “Қизингиз ёзди” (1948), “Янги шеърлар” (1950), “Гуллар водийси” (1954), “Қизларжон”, “Бир йил ўйлари” (1967) шеърий тўпламлари китобхонлар томонидан катта қувонч билан қабул қилинди.
Саида Зуннунова насрда ҳам сермаҳсул ижод этган адибадир. Унинг “Гулбаҳор” ҳикоялар тўлламида (1956) ишчилар ҳаёти, оила ва муҳаббат мавзулари акс этган бўлса, “Гулхан” (1958) қиссасининг асосий қаҳрамони аёллар бўлиб, уларнинг йигирманчи йиллардаги кураши ўзига хос бадиий бўёқларда ифодаланган. Адиба ёзган “Олов” (1962), “Бўйларингдан ўргилай” (1972), “Директор” каби асарларининг қаҳрамонлари ҳам аёллардир.
Сўзга хасислик, бадиий сиқиқлик, табиийлик, сунъий образлардан қочиш Саида Зуннунова ҳикояларига хос хусусиятлардир. Она Ватанга садоқат, меҳнатга муҳаббат, бахт ва муҳаббат туйғуларини куйлаган. Шоиранинг лирик шеърлари, жозибадор қўшиқлари, насрий асарлари адабиётимиз хазинасидан жой олган. Саида Зуннунова айни камолот ёшида 1977 йили оғир хасталикдан кейин вафот этган.
Она-Ватанга садоқат, меҳнат ва бахт, муҳаббатни ҳақгўйлик билан куйлаган шоиранинг лирик шеърлари, жозибадор қўшиқлари, насрий асарлари адабий хазинамизни бойитиб келмоқда.
Адиба асарларини рус ва бошқа қардош халқлар китобхонлари ўз она тилларида севиб ўқимоқдалар. Ҳукуматимиз Саида Зуннунованинг адабиётимиз тараққиётига қўшган салмоқли ҳиссасини тақдирлаб, уни Ҳурмат белгиси ордени билан мукофотлаган.
“Руҳ билан суҳбат” достони Саида Зуннунова ижодида алоҳида аҳамиятга молик ижод намунасидир. Асарнинг лирик қаҳрамони уруш қалбини яралаган муниса аёл. У машъум уруш туфайли турмуш ўртоғидан айрилади ва битта фарзандига ҳам ота, ҳам оналик қилади. Фарзанди вояга етгач, она уни орзу-ҳавас билан тўй қилади. Тўй тарқагандан сўнг аёлнинг уйқуси элтмайди. Лирик қаҳрамон қалбидаги бор дардлари, ҳис-кечинмаларини уй тўридаги суратга тўкиб солади.
Деворга илиғлик сурат аёлнинг урушда қаҳрамонона ҳалок бўлган турмуш ўртоғининг расми. Асар қаҳрамони шу сурат пойига гулдаста қўйиб, кўнглидаги орзу-армонларини баён этади:
Сарупо киймадинг қайната бўлиб,
Ҳеч йўқса, гуллардан бўлгин баҳраманд.
Одам келди бугун ҳовлингга тўлиб,
Фарзандинг ёнига қўшилди фарзанд.
Зеро, турмуш ўртоғининг қайната сифатида сарупо кийиши лирик қаҳрамоннинг орзуси эди, бироқ машъум уруш уни армонга айлантирди.
Уруш йилларида белида қуввати, юрагида шижоати бўлган йигитлар жангга жўнадилар. Улар ватанни фашизм зулмидан озод қилиш йўлида жон олиб, жон бердилар. Кўплари жанг майдонларидан қайтмадилар Саида Зуннунова достонида юз кўрсатган тимсол ана шундай мард йигитлар руҳи ҳисобланади.
Аёл турмуш ўртоғини кутишдан, излашдан толмайди, умр бўйи турмуш ўртоғининг хаёли билан яшайди:
Сени излайвериб ҳолдан тойдим мен,
Сени излайвериб қариб қолдим мен...
Хаёлим излашдан, кўнглим бўзлашдан,
Сени ахтаришдан сира толмадим
Умуман олганда, достондаги лирик қаҳрамон кечинмалари уруш йиллари аёлларининг қалб нидоси бўлиб янграйди.
Мавзуни мустахкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.
1. С. Зуннунованинг ҳаёт йўли ҳақида нималарни биласиз?
2. Шоира ижодий фаолиятининг ривожланишига нималар туртки бўлди?
3. С. Зуннунованинг илк ижод қачон бошланди?
4. Адибанинг қандай тўпламлари дунё юзини кўрди?
5. Нима учун шоира асарларининг кўпчилигида асосий қаҳрамонлар - аёллар. Бунга сабаб нима деб уйлайсиз?
6. “Руҳ билан суҳбат” достонида қандай мавзу қаламга олинади?
7. Асарда ўзбек аёлига хос қандай фазилатлар кўзга ташланади?
II топшириқ:С. Зуннунованинг “Руҳ билан суҳбат” достони Миртемирнинг “Сурат” поэмаси билан қиёслаб ўқинг. Икки асардаги мавзу ва ғояни, улардаги аёл сиймосини қиёсланг. Хулосаларингизни дафтарингизга туширинг.
39 - 40- мавзу: Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди. “Руҳлар исёни” достонидаги “Жаҳолат тўғрисида ривоят” таҳилили(4 соат)
Режа :
1. Эркин Воҳидовнинг ҳаёти ва ижоди.
2. Шоир лирикасининг мавзулар олами.
3. Эркин Воҳидов – достоннавис.
4. «Руҳлар исёни» - фалсафий, фожеавий ва қаҳрамонлик достони.
Таянч тушунчалар: лирик шоир, лирик қаҳрамон, “Инсон”, “Ўзбегим”, ғазал, қасида, “Нидо”, “Руҳлар исёни”, “Истамбул фожиаси”, ҳажвий лирика, “Донишқишлоқ латифалари”.
Эркин Воҳидов янги ўзбек шеъриятининг ХХ асрнинг 60-70-йилларида етишган ёрқин ва бетакрор намояндасидир. Шоирнинг ўзбек мумтоз шеърияти анъаналари изидан бориб, замондошлари маънавияти ва кайфиятини ифода этган «Ёшлик девони», юксак замонавийлик, фуқаролик руҳи билан йўғрилган «Тирик сайёралар», «Шарқий қирғоқ», «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» тўпламлари, уруш фожиаларидан сўзловчи «Нидо», фалсафий, фожеавий ва қаҳрамонлик «Руҳлар исёни», «Истамбул фожиаси» шеърий драмаси, ҳажвий-юмористик «Донишқишлоқ латифалари» туркуми, «Олтин девор» комедияси, И. Гёте, С. Есенин, А. Блок, М.Светлов, А. Твардовский, Р. Ҳамзатовдан қилган таржималари, хусусан, «Эрон тароналари» билан «Фауст» таржимаси адабиётимизда, маданий ҳаётимизда улкан воқеа бўлди. Шоирнинг публистик адабий-танқидий мақолалари, суҳбатлари ва улардан ташкил топган «Изтироб» (1992) китоби муаллиф дунёқарашининг шаклланиш йўлларини акс эттирувчи ўзига хос кўзгу сифатида қимматлидир.
Эркин Воҳидов Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 1936 йилнинг 28 декабрида қишлоқ ўқитувчилари оиласида дунёга келди. Отаси Чўянбой Воҳидов, онаси Розияхон даврнинг обрў-эътиборли, маърифатли, фаол кишилари эдилар. Афсус, улар узоқ яшамадилар. Ватан урушида қатнашиб, оғир ярадор бўлиб қайтган ота, сўнг она дунёдан ўтди; бўлғуси шоирнинг опаси ва укаси ҳам гўдаклигида вафот этган эди. Икки қисқа умрнинг ёлғиз ёдгори бўлиб Эркин тошкентлик тоғалари қўлида қолди. Тоғалари - Каримбой Сахибоев адлия ходими, республика Олий суди ҳайъати аъзоси, Рихси Сахибоев эса бир неча йиллар Республика Олий Совети Президиумининг секретари бўлган.
Сахибоевлар хонадони адабиётга, санъатга, умуман, маърифатга ташна эди, хонадонда тез-тез шоир ва хонандаларнинг мароқли давралари бўлиб турарди. Сахибоевлар хонадонидаги давра қатнашчилари айни пайтда ислом маърифатининг дарғаларидан эдилар. Эркин Воҳидовдаги нафосатга, шеъриятга меҳр ва майл шу хонадонда, ана шу давраларда шаклланди. Эркин жуда эрта қўлига қалам олди. 7-синфда ўқиб юрганида «Муштум» журналида биринчи шеъри босилди. Ўқувчилик йиллари Островский номидаги пионерлар саройида шоир Ғайратий бош бўлган тўгарак машғулотларига қатнашиб турди. Бу тўгарак бўлғуси шоир учун бадиий ижод бобида илк сабоқ даргоҳи хизматини ўтади. Сўнгра Эркин Воҳидов Тошкент давлат университети филология факультетида таълим олди. У ўқиган кезлари (1955-1960) университетнинг филология факультети республикадаги илмий-адабий марказларидан бирига айланганди. Айни ўша йиллари республика Ёзувчилар уюшмасида ҳам ижодий муҳит жўш урган, ёш истеъдодлар тарбиясига эътибор кучайган, шоир Миртемир бош бўлган ижодий семинар довруғ қозонган бир давр эди. Кўп ижодкорлар қатори Э. Воҳидов ҳам мана шу ижодий иқлим хавосидан баҳраманд бўлди. «Ёзувчилар уюшмасининг ёш ижодкорлар семинарларидаги қизғин баҳслар, улуғ устозлар Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзодалар билан илк мулоқотлар ва учрашувлар университет даргоҳидаги адабий муҳит ҳаётимда ўчмас из қолдирди, - дейди шоир. - Мен ижодий меҳнатни фаол жамоат ишлари билан қўшиб олиб боришдек шарафли вазифа юкини доимо елкамда ҳис қиламан. Одамларга фақат шеъринг эмас, ўзинг кераклигингни сезиш - бу катта бахт. Шунинг учун ҳам жамоат меҳнатидан ҳеч қачон ўзимни олиб қочган эмасман. Қайноқ ҳаёт ичида яшаб, ишлаб ўрганганман».
Дархақиқат, у бадиий ижодни фаол жамоатчилик ишлари билан қўшиб олиб борди. «Ёш гвардия» нашриётида бош муҳаррир ўринбосари, «Ёшлик» журналида бош муҳаррир, Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва Санъат нашриётида директор бўлиб ишлади. Болалар жамғармаси Ўзбекистон бўлимига раислик қилди. Ёзувчилар уюшмасида хилма-хил вазифа, топшириқларни адо этиб келди; республика халқ ноиби, Олий Кенгаш ошкоралик қўмитасининг раиси сифатида ҳақиқат ва адолат учун кураш олиб борди. Унинг кўп вақти халқ ичида, юртимиз ва мамлакатлар бўйлаб сафарларда ўтмоқда. Қисқаси, унинг ижоди мана шу қайноқ ҳаёт ичида, жўшқин ижтимоий фаолият жўрлигида шаклланган.
«Ҳеч иккиланмай, комил ишонч билан айтиш мумкинки, Эркин Воҳидов ўзбек шеъриятининг кўрки ва фахри. Бу фикрда заррача муболаға йўқ» - деб ёзади адабиётшунос, Ўзбекитон қаҳрамони О. Шарафиддинов.
Эркин Воҳидов публицист, драматург, достоннавис сифатида баракали ижод қилган бўлса-да, аввало, у лирик шоир сифатида адабиётга кириб келган, халқимиз қалбидан ҳам нафис, ҳам теран мазмунга эга шеърлари орқали жой олган.
«Инсон» қасидасидан гўё Э. Воҳидов ижодида инсон тўғрисидаги шеърий баҳслар туркуми бошланди. «Тирик сайёралар», «Темиртан даҳолар», «Вируслар», «Арслон ўйнатувчи» каби шеърлар шу туркумни ташкил этади. “Инсон, бу - сир, жумбоқ. Бу жумбоқни ечиш керак»,- деган эди Ф. Достоевский. Адабиётнинг, бинобарин, шеъриятнинг бош вазифаси шу жумбоққа жавоб қидиришдан иборат. Э. Воҳидовни эса ҳаммадан бурун инсоннинг маънавияти, эътиқоди масаласи қизиқтиради. Инсон эзгу ишлари, юксак эътиқоди билангина инсон. Иймон, виждон, эътиқод - инсонни ичдан ёритиб, тафтиш қилиб турувчи, тўғри йўлга бошловчи сеҳрли «илоҳий» куч. Шу муқаддас туйғудан маҳрум шахс эса қабиҳ аянчли ва қўрқинчли; бундай кимса қалбида нур, ҳис, кўзида маъно йўқ, берсанг, бу дунёни ютмоққа ҳам қодир, зар қасдида, дунё қасдида, шахсий манфаат йўлида жамики тубанликлар сари боришга тайёр.
Шоирнинг қатъий хулосаси шундай:
Имон денг, виждон денг, майли отини,
Лекин одамзотнинг «худо»си бўлсин.
Шоирнинг бу давр ижодида кулги-юмор ҳам ўзгача кўриниш касб эта бошлади. Чунончи «Донишқишлоқ латифалари»ни ўқиб, ҳамма кулади. «Ваҳоланки, мен уларни алам билан ёзганман, - дейди шоир. - Ақл- идрок зид, тескари ишларимиз эл бошига кулфат ва уқубатлар келтираётгани сир эмас-ку»
80-йиллар охири, 90-йиллар бошларида маънавиятимиздаги ўзгариш, янгиланишлар Э. Воҳидов шеъриятида, хусусан, «Яхшидир аччиқ хақиқат» тўпламида ўз акс-садосини топди. Бу давр шеърияти ривожидаги энг характерли жараён - унда тўла маънода руҳий Эркинликнинг намоён бўла бошлаганидир.
Э. Воҳидов ўнга яқин достон ёзди. Уларнинг мавзу-мундарижаси, савия-даражаси турлича. Шоирга достончиликда шуҳрат келтирган асарлари «Нидо», «Руҳлар исёни» ҳамда «Истамбул фожеаси» бўлди. «Нидо» 1964 йили ёзилди, достон ҳали ўз қимматини йўқотган эмас. «Нидо»дан сўнг орадан ўн беш йил ўтиб ёзилган «Руҳлар исёни» достони шоирнинг ўша пайтга қадар босиб ўтган ижодий йўлининг энг баланд чўққиси, ўттиз йиллик ижодий изланишларининг муайян якуни, достончиликдаги тажрибаларининг гултожидир.
«Руҳлар исёни» - аввало қаҳрамонлик достони. Унда муаллиф асримиз бошларида чақмоқдек чарақлаб, шеъриятда ўчмас из қолдирган, исёнкор шеърлари билан бутун Ҳиндистон ярим оролини ларзага солган, ҳаётни эл-юрт эрки, бахти йўлида фидо этган оташин бенгал шоири Назрул Ислом жасоратини улуғлайди. Айни пайтда «Руҳлар исёни» - фалсафий достон; муаллиф Назрул Ислом жасорати, фожеий қисмати баҳонасида шоирнинг, умуман, ижодкорнинг хаётдаги ўрни, фуқаролик бурчи, қолаверса, инсонийлиқ фидойилик, эркка ташналик, ижтимоий ва маънавий ҳаётнинг бошқа хилма-хил муаммолари устида ўйга толади.
Бу асар фақат қаҳрамонлик достони, фожеавий достон, ўй-мушоҳадалар достони бўлиб қолмай, тарихий сабоқлар достони ҳамдир. Достонга Назрул Исломнинг қуйидаги сўзлари эпиграф қилиб олина:
Туғилгансан озод, мудом
Озод бўлиб қол!
Достон таркибида бир қанча ривоятлар бўлиб, уларда турли хил мавзулар қаламга олинади. Шулардан бири “Жаҳолат тўғрисида ривоят” деб номланади. Ушбу ривоятда ҳаким образи бўлиб, у қайсидир жиҳати билан Назрул Ислом шахсига яқин туради. Ҳаким одамлар орасида турли дардларга даво топди. Бироқ жамиятдаги жаҳолатни даволай олмади. Натижада унинг ўзи шу жаҳолат қурбонига айланди. Ҳаким қалбидаги жаҳолатга қарши қаратилган исён Назрул Ислом юрагидаги туғён билан ҳамоҳангдир.
ИЗОҲ:Мавзунинг иккинчи жуфтлиги достондан келтирилган “Жаҳолат тўғирисидаги ривоят” таҳлилига бағишланади. Таҳлил давомида янги педогогик технологиянинг «Венн» диаграммасидан фойдаланиш мумкин. Бу технология икки объектни, тушунчани, ғояни, ҳодисани таққослашда қулай усул ҳисобланади. Ривоятдаги икки куч - жамият ва ҳаким ўртасидаги қарама-қаршиликлар таҳлил давомида очиб борилади.
Бундан ташқари, таҳлил давомида «Нима учун» технологиясидан ҳам фойдаланиш мумкин. Мазкур технология “нима учун бу муаммо келиб чикди?”деган масалани ўрганади.Ривоятдаги жамият ва ҳаким ўртасидаги муаммонинг келиб чиқиш сабаби шу усулларда ўрганилса, ўқувчига тушунарли бўлади.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг.
1. Эркин Воҳидовнинг болалик йиллари хусусида нималар биласиз?
2. Эркин Воҳидов қаерларда таҳсил олган?
3. Шоирнинг илк ижоди ва адабиётдаги дастлабки қадамлари ҳақида нималар биласиз?
4. Шоир шеъриятининг асосий мавзулари қайсилар?
5. Шоирнинг достончиликдаги маҳорати нималарда кўринади?
6. “Нидо” достонининг шоир биографияси билан муштарак жиҳатлари ҳақида нима дея оласиз?
7. “Руҳлар исёни” достонининг яратилиш тарихида ҳақида нималарни биласиз?
8. Назрул Исломнинг фожиали қисмати тасвири орқали шоир қандай ғояларни илгари сурган?
II топшириқ:”Руҳлар исёни” достони асосида “Достонда исёнкор шоир образи” мавзусида иншо ёзинг.
41-мавзу: Боғланган қўшма гаплар(2 соат)
Режа:
1. Қўшма гап ва унинг турлари ҳақида маълумот.
2. Боғланган қўшма гапларнинг ўзига хос хусусиятлари.
3. Боғланган қўшма гап турлари.
Таянч тушунчалар: Қўшма гап, содда гап, грамматик асос, боғловчи, боғловчи воситасида бириккан қўшма гаплар, бириктирув муносабатли, зидлов муносабатли, айирув муносабатли.
Икки ёки ундан ортиқ содда гапларнинг мазмун, грамматик ва оҳанг жиҳатдан бирикувидан тузулган гап қўшма гап дейилади: Декабрь бошланиб, қиш ҳукмини ўтказа бошлади.
Содда гап таркибида битта эга ва кесим бирлиги иштирок этса, қўшма гап таркибида икки ва ундан ортиқ эга ва кесим бирлиги (яъни грамматик асос) қатнашади.
Қўшма гап таркибида содда гапларни боғловчи воситаларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:
1) боғловчилар (тенг ва эргаштирувчи боғловчилар);
2) боғловчи вазифасидаги воситалар (юкламалар, бўлса, эса, деб сўзлари, нисбий сўзлар, кўмакчили қурилмалар, феъл шакллари);
3) оҳанг.
Мазмун муносабати ва боғловчи воситаларнинг қўлланишига кўра қўшма гаплар 3 хил бўлади:боғланган қўшма гаплар, эргашган қўшма гаплар ва боғловчисиз қўшма гаплар.
Тенг муносабатдаги содда гапларнинг ўзаро тенг боғловчилар ёки шу боғловчилар вазифасидаги воситалар ёрдамида боғланишидан тузилган қўшма гаплар боғланган қўшма гапдейилади: Кечаси қалин қор ёғди, лекин ҳаво совимади.
Таркибида содда гапларнинг ўзаро мазмун муносабатига кўра боғланган қўшма гаплар қуйидаги турларга бўлинади:
1. Бириктирув муносабатли боғланган қўшма гаплар:
Бундай қўшма гаплар таркибида содда гаплар ўзаро ва, ҳамда боғловчилари, ҳам, -у (ю), -да юкламалари ёрдамида боғланади ва пайт ҳамда сабаб-натижа муносабатларини ифодалайди: Машғулотлар тугади ва ҳамма ўз уйига тарқади. Қаттиқ изғирин кўтарилди-да, ҳеч ким уйидан чиқолмай қўйди.
2. Зидлов муносабатли боғланган қўшма гап ва уларда тиниш белгиларининг ишлатилиши.
Бундай гаплар таркибидаги содда гаплар ўзаро аммо, лекин, бироқ боғловчилари, - у (ю), -да юкламалари ёрдамида боғланади: Юртимизнинг бу куни чиройли, лекин эртаси, индини янада чиройлироқ, бахтлироқ бўлади. Ҳаво очилди-ю, ҳарорат сезилмади.
Баъзан зидлик мазмунини кучайтириш учун зидлов боғловчиси ва бу вазифада қўлланган -у(ю) юкламаси бирга ишлатилади: Кечаси қор ёғди-ю, лекин ҳаво унчалик совимади.
3. Айирув муносабатли боғланган қўшма гаплар ва уларда вергулнинг ишлатилиши.Бундай гаплардаги содда гаплар ўзаро айирув боғловчилари (гоҳ...гоҳ, ё...ё, ёки...ёки, баъзан...баъзан, дам...дам, ёхуд...ёхуд,) ёрдамида боғланади. Айирув боғловчили боғланган қўшма гаплар воқеа-ҳодисаларнинг галма-гал бўлишини ёки улардан бири бўлишини ифодалайди: Гоҳ осмонни тутиб ашула янграр, гоҳ аллақаердан гармон товуши эшитилиб қолар эди.
Такрорланиб қўлланган айирув боғловчиларнинг иккинчисидан олдин вергул қўйилади, айирув боғловчилари якка қўлланса, ҳеч қандай тиниш белгиси қўйилмайди.
4. Инкор муносабатли боғланган қўшма гаплар. Бундай гап қисмлари ўзаро на инкор юкламаси орқали боғланади ва орасига вергул қўйилади: На сув бор, на бирон емиш қолди.
5. Бўлса, эса сўзлари ёрдамида боғланган қўшма гаплар.
Бундай қўшма гаплар қисмлари ўртасида зидлаш ёки қиёслаш муносабатлари ифодаланади, бўлса, эса сўзлари қиёсланувчи сўздан кейин келади: Эркаев қўлларини силтаб ваъз айтмоқда, улар эса, ички бир туғёндан қалтираб, чўян ҳайкалдай қотиб туришарди.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар: