Эргаш гапли қўшма гапларда эргаш гап қайси ўринларда келади? 3 страница
Воҳки эл, Комил Аваз, қавл эса, андин инжима,
Ҳамки ул дилдор агар ҳавр этса, андин инжима,
Чун ғараз, ғаври дийдор, қаҳр этса, андин инжима,
Эй Фузулий, ёр агар жавр этса андин инжима,
Ёр жаври ошиқа ҳардам муҳаббат тозалар, - дейди.
Фузулий ижодий мероси бизга адибнинг шахси, унинг туйғулари, қарашларини кашф этишда ёрдам беради ва бу ўз навбатида маънавий камолотимизга ҳисса қўшади.
ИЗОҲ: Машғулот давомида Фузулийнинг “Шифойи васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр” матлаъли ғазали таҳлил қилинади. Ғазал таҳлили қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
а) матнга илк ёндашув. Бунда ғазалдаги изоҳталаб сўзлар аниқланиб, луғатлар ёрдамида маъноси ўрганилади.
б) мазмунни идрок қилиш. Бу босқичда ғазалнинг насрий баёни тузилади ва унинг мавзуси ва ғояси белгилаб олинади.
в) шаклни идрок қилиш. Ғазалнинг шаклий белгилари - вазн, қофия, радиф ва бошқа унсурлари аниқланади.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ: Қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.
1. Фузулийнинг ҳаёт йўли ҳақида нималарни биласиз?
2. Фузулий қандай асарлар муаллифи ҳисобланади?
3. Одамнинг умри йиллар билан ўлчанмаслиги ҳақида яхши биласиз. Фузулийнинг умрбоқийлиги сабаблари ҳақида фикрлашинг.
4. «Шеърнинг мартабаси илм зийнатидан кам бўлишини нуқсон ҳисоблаб, илмсиз шеърдан руҳсиз бадан каби нафрат этиб, бир муддат ҳаётимнинг нақдини ақлий ва нақлий илмларни ўрганишга сарф етдим. Умримни сарф етиб, ҳикмат ва ҳандаса ўрганишга ҳаракат қилдим. Аста-секин ҳунар соҳибларининг асарларидан назмнинг гўзаллиги учун лаъллар тартиб этдим...» Адибнинг ушбу фикрларида унинг табиатга хос бўлган қандай фазилатлар намоён бўлади? Шунга асосланиб шоир шахсига баҳо беринг.
II топшириқ: Фузулийнинг “Ҳар китобаким, лаби лаълинг ҳадисин ёзалар” матлаъли ғазалини ёд олинг ва ғазал мавзуси ҳақида фикр юритинг. Мумтоз ғазалларда тилга олинадиган май, жом сўзларининг луғавий ва рамзий маъноларини англашга ҳаракат қилинг.
56-мавзу: Генрих Гейне шеърлари(2 соат)
Режа:
1. Генрих Гейненинг ҳаёти ва ижоди.
2. Генрих Гейненинг ижтимоий - сиёсий ҳаётдаги фаолияти.
3. Шоир шеърлари таҳлили.
Таянч тушунчалар: Рейн дарёси, Дюссельдорф, савдо ходими, Гамбург, «Қўшиқлар китоби», «Ёшлик азоблари», «Лирик интермеццо», «Ватанга қайтиш», «Шимолий денгиз», «Германия. Қиш эртаги» достони.
Генрих Гейне 1797 йилда Рейн дарёси қирғоғидаги Дюссельдорф шаҳрида савдогар яҳудий оиласида туғилади. Бўлажак шоирнинг тарбияси билан асосан унинг онаси шуғулланади. Отаси Самсон Гейне ва онаси Бетти Гейне ўз ўғилларининг келажакда ҳарбий киши бўлиб етишишини орзу қиладилар. Улар Гейнени Наполеон армиясининг офицери мундирида кўрмоқчи эдилар. Аммо Наполеон иттифоқчилар томонидан енгилгач, ота-онанинг умидлари пучга чиқади. Энди улар Гейненинг савдо ходими бўлишини мўлжаллаб Гамбург шаҳрига бой савдогар амакиси Соломон Гейне ҳузурига жўнатадилар. Ёш Гейне савдо-тижорат ишларига асло қизиқмади. Уни китоблар олами ўзига тортар ва тинмай шеър ёзишни машқ қилар эди. Фақат савдо билан банд бўлган амакиси Соломон Гейне жиянининг бу хатти-ҳаракатларини ёқтирмади. Бунинг устига Гейне амакисининг такаббур қизи Амалияни севиб қолади. Отаси сингари бойлик ва зеб-зийнатга муккасидан кетган Амалия камбағал қариндошининг севгисини рад этади.
Гейне дастлабки шеърларидан бирида севги изтиробларини қуйидагича ифодалаб беради:
Улар мени қийнади роса
Қон қолмади, ранги-рўйимда,
Баъзилари севгандан бўлса,
Баъзилари душманлигидан.
Улар оғу қўшди ошимга,
Улар қотди сувга ҳам заҳар.
Баъзиси дўст, келар қошимга,
Баъзилари душмандан баттар.
Лекин ўша дилбарки-дилбар,
Ситамидан ҳануз дил нолон,
Ёмонлик ҳам қилмади менга,
Ҳам севмади мени ҳеч қачон. ( Миртемир таржимаси)
Бу даврдаги Гейне шеърлари ҳали мустақил бўлмаса-да, романтик оҳангларга бой, ўша замон амалдорлари, мешчанларига қарши норозиликни ҳам билдирар эди.
Гейне Гамбургда уч йил яшагач, амакиси Соломон Гейне ундан савдо ходими чиқишига кўзи етмагач, жиянига жавоб бериб юборади. 1819 йилдан бошлаб Гейне Бонн, Геттинген ҳамда Берлин университетларида ўқийди. Замонасининг машҳур олимларидан, жумладан, Гегелдан лекциялар тинглайди. Ҳуқуқшунослик дипломини олган бўлса ҳам, бу соҳада ишламайди. 1827 йили Гамбург шаҳрида Гейненинг кўп йиллик меҳнати самараси бўлган «Қўшиқлар китоби» номли лирик шеърлар тўплами босилиб чиқади. Бу тўплам Германия адабиётида улкан шоир пайдо бўлганидан дарак берар эди. Гейненинг «Қўшиқлар китоби» беш қисмдан: «Ёшлик азоблари», «Лирик интермеццо», «Ватанга қайтиш» ҳамда икки қисмдан иборат «Шимолий денгиз» силсиласига бўлинади. Мазкур мажмуа халқ қўшиқларига ниҳоятда яқин туриши билан китобхонни мафтун этади. Лирик қаҳрамоннинг ички дунёсини очиб бериш, севги ва табиатни моҳирона тасвирлаш Гейненинг лирик истеъдод эгаси эканлигини намойиш қилади.
1830 йили Гейненинг иккинчи йирик асари «Йўл лавҳалари» очерклар тўплами босилиб чиқди. Бу тўплам авторнинг ғоявий-сиёсий жиҳатдан етилиб бораётганини кўрсатиб турар эди. «Йўл лавҳалари» Германиянинг Европа давлатларига нисбатан ҳали ҳам қолоқ, тарқоқ ҳолда эканлигини кўрсатади. Шоир Германия бўйлаб қилган саёҳатини очерк шаклида ёзиб, замонасидаги феодал мустабидларни, қорагуруҳчи дин пешволарини аёвсиз танқид остига олади. Франциядаги инқилобий курашлар хабаридан шод бўлган шоир ватани манзарасини чизар экан, унинг қолоқлигидан, сусткашлигидан тушкунликка тушмайди. «Қўшиқлар китоби»да бўлгани каби, бу тўпламда ҳам адиб халқ афсоналаридан, муболаға ва романтик бўёқлардан кенг фойдаланади. Гарцнинг гўзал манзараси, немис ерларининг ўзига хос миллий ранг-баранглиги катта маҳорат билан чизиб берилган. Прусс феодаллари, ўзбошимча дворянлар, мутаассиб такаббур олимлар, ўтакетган немис шовинистлари Гейне ҳажвиётининг тиғига дучор бўлади.
Бу йилларда Гейне ижоди ғоявий ва сиёсий жиҳатдан юксак камолот босқичига кўтарилади. Шоир ўзининг ажойиб асарлари - «Силезия тўқувчилари» шеърини ҳамда «Германия. Қиш эртаги» достонини, «Қуллар кемаси» номли балладасини яратади.
Уларда сиёсий мазмун ва мундарижа биринчи ўринга чиқади. Шоир сиёсий ҳажвиёт устаси бўлиб танилди. У “ҳаётнинг маъноси тўхтовсиз курашдан, олға қараб боришдан иборат”, - дейди. Шоир ўзини инсониятни азоб-уқубатлардан озод қилиш учун бўладиган урушда «жангчи солдат» деб атайди.
«Германия. Қиш эртаги» достони Генрих Гейне ижодининг юқори чўққиси ҳисобланади. Шоир достон номидаги қиш сўзи орқали Германиянинг қолоқлигига, у ерда ҳукм сураётган жаҳолатга ишора қилади.
Генрих Гейне ватанини бир бутун демократик давлат сифатида кўриш орзуси билан яшайди. Лекин ҳаётда бунинг акси. Шу сабабли танқид тиғини қолоқ Германия тузуми, мамлакатни оғир аҳволга солиб қўйган Пруссия мустабид системасига қаратади. Ҳарбийлар ва дворянлар, помешчиклар ва черков пешволари, қисқаси мамлакатни реакция исканжасида сақлаётган қора кучлар шоир сатирасининг найзасига гирифтор бўладилар. Асар чинакам халқчиллик руҳида ёзилган. Халқ аф-соналари, тарихий воқеалар тавсифи бирин-кетин алмашиб туради. Шоир Ватани чегарасига қадам қўяр экан, она тилини эшитиб, кўзларидан ўт чақнайди, хурсандчиликдан юраги тўлиб-тошади. Аммо бу қувонч узоққа чўзилмайди. Чегарада унинг чамадонларини тинтув қиладилар. Шоир заҳарханда билан прусс соқчилари устидан кулади. Немис амалдорларининг Германияни орқага, ўрта аср зулматига судраётгани, диний жаҳолат томонга бошлаётганини қаттиқ қоралайди.
Гейне ватани Германиянинг бирлиги масаласига эътиборни қаратади. Ҳали ҳам ўттиздан ортиқ майда давлатчаларга бўлиниб ётган Германия шоирда ачиниш, ўкинч ҳисларини уйғотади. Асарнинг охирида шоир прусс қиролига золимликлари учун нариги дунёда Дантенинг дўзахида куйишини эслатади. Достон Германияда ҳукм сураётган реакцияга нафрат, немис халқига, унинг келажагига муҳаббат ва ишонч руҳи билан суғорилган.
Гейне шеъриятининг бир қисми ўзбек тилига ҳам ўгирилган. Ойбек, Миртемир, Шукрулло, Хайриддин Салоҳ, Абдулла Шер ва бошқалар ўзбек китобхонини буюк немис шоири лирикасидан баҳраманд қилганлар.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг.
1. Генрих Гейне қачон ва қаерда туғилди?
2. У қандай оила муҳитида вояга етди?
3. Унинг қизиқишларига атрофдагиларнинг муносабати қандай эди?
4. Генрих Гейненинг илк шеърий тўплами қачон ва қандай ном билан нашр қилинди?
5. Германия озодлиги нима учун шоир шеърларининг асосини ташкил қилади?
6. Генрих Гейненинг ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида нималарни биласиз?
7. Шоир шеърлари ўзбек тилига кимлар томонидан таржима қилинган?
II топшириқ:«Германия. Қиш эртаги» достонини ўқинг. Достонда “қиш” сўзи ниманинг рамзи эканлигига эътибор қаратинг.
57- 58 -мавзу:Жек Лондон. “Ҳаётга муҳаббат” ҳикояси(4 соат)
Режа:
1. Жек Лондон ҳаёти ва адабий мероси.
2. “Ҳаётга муҳаббат” ҳикояси таҳлили.
Таянч тушунчалар: Сан-Франсиско, «Мартен Иден», «Шимол ҳикоялари», «Оқ сукунат», «Қирқ миль нарида», «Оталар худоси», «Совуқ болалари», «Ҳаётга муҳаббат».
Америка демократик адабиётининг йирик вакили, асарларида халқ оммасининг ўз хуқуқлари учун курашини акс эттирган атоқли ёзувчи Жек Лондон Калифорния штатининг Сан-Франсиско шаҳрида 1876 йилда фермер оиласида туғилди. У туғилган оила, кўз очиб кўрган дунё қашшоқликдан иборат эди. Болалигида қорни тўйиб овқат еганини эслай олмайди. Бошланғич мактабни қийнала-қийнала битириб олгандан сўнг, фабрикада ишлашга мажбур бўлади. Шундан сўнг у Америка ва Канаданинг кўп шаҳарларидан иш қидириб сарсон бўлади. У қаерда бўлмасин ўз устида тинмай ишлар, университетда ўқишни орзу қиларди. 1895 йилда бу орзуси ушаладию, аммо узоққа чўзилмайди. Бир йил ўқигач, отаси вафотидан сўнг университетни ташлашга мажбур бўлади.
У иш қидириб Алясканинг олтин конларига боради. Бироқ у ерда ҳам унинг орзулари сароб бўлиб чиқади. Олтин конидан баттар қашшоқлашиб, бор-йўғидан ажралиб қайтади. Бундай муҳтожликлар Жек дунёқарашининг ўсишига катта таъсир кўрсатади. У пул топиш учун кечаю кундуз тинимсиз меҳнат қилади. Аммо косаси ҳеч оқармайди. Ва кўзи билан кўрган воқеаларни ёзишга киришади. Бу жиҳатдан унинг «Мартен Иден» «Шимол ҳикоялари» романидаги воқеалар ҳақиқатга жуда яқиндир.
Жек Лондон ижодий фаолияти давомида бир юз элликдан ортиқ ҳикоя ёзиб, ҳаётнинг турли-туман кўринишларини қаламга олади.
Ҳаёт хилма-хил сўқмоқлардан иборат. Адиб бу сўқмоқларнинг барчасидан юриб, ҳаёт машаққатларини обдон тортиб кўради. Жек Лондон яратган 150 ҳикоя, ҳаётнинг юз элликта сўқмоғидир. Бу асарларнинг мавзуси турлича. «Оқ сукунат», «Қирқ миль нарида», «Оталар худоси», «Совуқ болалари» ҳикояларида яратилган турфа қиёфалар, ўз елкаларида ҳаётнинг қайсидир юкини кўтариб юради.
Адиб қайси мавзуда қалам тебратмасин, инсонийлик, яхшилик, эзгуликни улуғлайди. Кўпгина қаҳрамонлари муҳтожликда яшаса ҳам ҳаётдан қандайдир гўзалликни, зим-зиё тун қўйнидан ёруғлик қидиради. Муаллифнинг ҳаёти ҳам қаҳрамонларига ўхшаб кетади.
Англияга қилган саёҳатлари давомида Лондон ишчиларининг оғир ҳаётига дуч келади. «Бу ердаги ҳаёт мен уйлаган ҳаётдан ҳам баттар экан», деган хулосага келади. «Тубанлик кишилари» (1903) тўплами мана шу саёҳат таассуротлари таъсирида битилган. Адибнинг «Темир товон» (1907), «Мартен Иден» романлари ҳам санъаткорона дунёга келган.
Жек Лондон ҳикоя устаси сифатида жаҳон адабиётида муносиб ўрин эгаллаган.
Инсон қудратини намойиш этадиган-бу унинг иродасидир. Ирода инсонни ҳаётнинг машаққатли сўқмоқларидан олиб ўтади. Ирода инсонни тушкунликка тушишдан сақлайди. Ирода ҳар қандай мудҳиш, қайғули воқеалар олдида ҳам инсонни бардошли бўлишига ундайди. Жек Лондон ҳикояларида мана шундай турли хил ирода эгалари қаламга олинади.
Адибнинг «Ҳаётга муҳаббат» асари ғоят қизиқарли саргузаштларга бой. Асар қаҳрамони Канада водийларида адашиб қолиб, ёлғизликда ҳаёт кечиради. Аста-секин унинг озиқ-овқати тугайди. Бироқ очликка ва барча машаққатларга чидайди. Бу жиҳатдан, асар Даниэль Дефонинг «Рабинзон Крузо» асари воқеасига ҳам ўхшаб кетади. Кема ҳалокатга учрагандан сўнг Робинзон денгиз қирғоғига чиқиб, ўрмонда ёлғиз яшайди. У турли хил ҳайвонларни қўлга ўргатиб, танҳо яшай бошлайди. Ўлиб қолмаслик учун курашади. Эчки соғиб сутини ичади, деҳқончилик қилади.
«Ҳаётга муҳаббат» асарининг қаҳрамони эса фақат олдинга қараб ҳаракат қилади. Балиқ овлаб кун кўради. Суянчиғи бўлган милтиғи ва пичоғини ҳам йўқотиб қўяди. Бўрилар галасига дуч келади. Юравериб оёғи қабариб кетади. Шунда у титилиб кетган адёлни йиртиб оёғига боғлаб, олдинга қараб юраверади. Ниҳоят, касал бўри билан олишиб, унинг кекирдагидан бўғиб, тишлаб ўлдиради. Йўловчи барча қийинчиликларни енгади. Энг оғир дамларда ҳам ҳаётдан умидини узмайди.
Кунлардан бир куни кит овловчи «Бедфорд» кемаси матрослари қирғоқда одамга ўхшаш махлуқ денгиз томон келаётганини кўриб қолиб, уни ўз кемаларига оладилар.
Жек Лондон ўз қаҳрамони қиёфаси орқали жаҳон адабиёти хазинасини яна бир мустаҳдам ирода эгаси соҳиби билан бойитди.
ИЗОҲ: Жек Лондоннинг “Ҳаётга муҳаббат” ҳикояси таҳилига бағишланган иккинчи машғулотни ноанъанавий дарс сифатида ташкил қилиш мумкин. Бунда “Баҳс-мунозара” технологиясидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун ўқувчилар ҳикояни тўлиқ ўқиб келишлари зарур. Чунки бирор асарни тўлиқ ўрганиб, бўлингандан кейин баҳс дарс ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Чунки, ўқувчи асар билан яхши ва тўлиқ танишмаган бўлса, берилган муаммони тўғри тушуна олмайди ва саволларга жавоб беришга ожизлик қиладилар. Ўз фикрига ишонмаган ўқувчи баҳсга ҳам аралашиб, фаоллик кўрсата олмайди. Дарс жараёнида бу технологиядан фойдаланиш учун гуруҳ икки ажратилса, натижа яхшироқ бўлади. Чунки ҳар бир гуруҳ ўз фикрни ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Баҳс-мунозара учун қўйилган муаммоли саволлар тахминан қуйидагича бўлади:
1. Яшаш ва ўлим ҳақидаги фикрларингизни ҳаётий мулоҳазаларингиз билан изоҳланг.
2. Канада водийларида адашиб қолиб, ёлғизликда ҳаёт кечирган икки ҳамроҳнинг яшашга бўлган муносабатлари қандай эди. Нега сафарга чиқан йўловчиларнинг йўллари айри бўлди, бунга сабаб нима?
3. Муаллифнинг “...қўрқув яшаш учун кураш билан чамбарчарс боғлиқдир” деган хулосасини қандай изоҳлайсиз? Сиз қўрқувни қандай ҳис қиласиз?
4.”...Ҳаёт шунақа, ҳаёт бевафо ва бебақо. Лекин ҳаёт алам чектиради, ўлимда эса қийналиш йўқ. Ўлмоқ ухламоқдир. Бўлмаса нима учун у ўлишни истамайди?” Бу саволга сиз қандай жавоб берасиз?
(Саволлар сони вазиятга қараб орттириб борилади. Ўқувчиларнинг фикрлари тингланади. Якуний хулоса ўқитувчи томонидан билдирилади).
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг.
1. Жек Лондон ҳаёти ҳақида нималарни биласиз?
2. Ижтимоий-сиёсий воқеалар унинг ҳаётига қандай таъсир кўрсатди?
3. Унинг қандай асарларини биласиз?
4. Жек Лондоннинг ҳикоя устаси сифатидаги маҳоратини қандай баҳолайсиз?
5. Унинг “Ҳаётга муҳаббат” ҳикоясини диққат билан ўқинг. Асарга таяниб унинг шахси ҳақида мулоҳаза юритинг.
6. Бир-бирига қарама-қарши бўлган ҳаёт ва ўлим тушунчаси ҳикояда қандай тасвирланган?
7. Ҳикоя нима учун “Ҳаётга муҳаббат” деб номлангани ҳақида ўйлаб кўринг. Сиз уни қандай номлаган бўлардингиз?
II топшириқ:“Ҳаётга муҳаббат” ҳикоясидан олган таассуротларингиз асосида “Инсон иродаси – енгилмас куч” мавзуида уй иншоси ёзинг.
59-мавзу: Эрнест Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз” асари(2 соат)
Режа:
1. Эрнест Хемингуэй ҳаёти ва ижоди.
2. “Чол ва денгиз” қиссаси таҳлили.
Таянч тушунчалар:Чикаго, журналист, «Уч ҳикоя ва ўнта шеър», «Бешинчи колонна», «Бизнинг замонамиз», «Қуёш чиқиши».
Эрнест Хемингуэй Чикаго якинида, врач оиласида 1899 йилда дунёга келади. 1917 йилда «Канзас Рейли Стар» газетасида ишлайди ва шу кундан бошлаб ўзини журналистман деб ҳисоблайди. У ерда 7 ой ишлаб, кейин Европага, урушга жўнаб кетади. Фронтда санитар бўлиб ишлайди. 1918 йил 8 июнда қаттиқ яраланади, 12 маротаба операция килинади. Яхши даволанган Хемингуэй аскарликдан чиқади. 1919 йили Америкага қайтиб келгач, яна журналистлик билан шуғуллана бошлайди. 1921 йил мухбир сифатида Парижга жўнаб кетади. У америкаликлар ҳаёти ҳақида, чикаголиклар, Париждаги америкаликлар ҳақида тинмай ёзади.
Уруш оловини ёқувчиларга қарши нафрат Хемингуэйда ўша уруш пайтларида янада зўрайди. Кўпгина америкаликлар ўз ижодини журналистикадан бошлаган. Хемингуэй учун ҳам журналистика адабиёт мактаби бўлди. У биринчи «Уч ҳикоя ва ўнта шеър» (1922) китобини 300 нусхада аввал Диженада, кейин (1924) Парижда нашр қилади. Биринчи ижодий фаолиятида жамиятга ишонмай қўйган одамлар ҳақида ҳикоя қилади.
30-йиллар охирида Хемингуэй драматургия билан шуғуллана бошлайди. «Бешинчи колонна» пьесаси драматургнинг улкан ижодий муваффақиятлари намунасидир.
Адибнинг «Чол ва денгиз» асари юксак бадиий маҳоратидан дарак беради. Бу асар юзлаб бадиий образларни тасвирлаган романлардан фарқ килади. Бармоқ билан санарли образлар орқали дам фалсафий маъно ва мазмунни бериши мумкинлиги исбот этилди. Бу асари учун муаллиф 1952 йилда халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлади. Хемингуэй Парижга мухбир сифатида бориб келгандан сўнг, журналистика билан шуғулланишдан кўра бадиийликни афзал билиб, роман ва ҳикоялар ўқишга кўп вақтини сарфлайди.
Ўз даврининг атоқли назариячиси Гертуруд Стейн атрофидаги маърифатпарвар ўз бағрига Эрнест Хемингуэй каби истеъдодларни ҳам олиб, уларни янгича адабиёт яратиш йўлида илҳомлантириб турарди. Стейн ҳам назария илми, ҳам бадиий ижод билан машғул бўлгани ҳолда Хемингуэй каби истеъдодларга яқиндан ёрдам берар, ҳар бир асарларини эринмасдан ўқиб, қимматли маслаҳатларини берар эди.
Эрнест Хемингуэй илк ижодини шеърлар битиш билан бошлаган. Бироқ кейинчалик у бутунлай прозага берилиб кетган. Биринчи ҳикояси «Бизнинг замонамиз» (1924) деб номланиб, адибга ўзига хос руҳий кўтаринкилик бағишлайди. Биринчи ижод намунасидан қувониб кетиб, адиб каттароқ жанрга қўл уради.
Кўп ўтмай «Қуёш чиқиши» (1926) номли биринчи романи эълон килинади. Бу роман «Фиэста» деган номга ҳам эгадир.
Эрнест Хемингуэйни узоқ-узоқларга танитган иккинчи романи «Алвидо, қурол» (1929) асари бўлди. Шундай муҳим мавзуга бағишланган асарларни америкалик ўқувчилар сабрсизлик билан кутарди ва шунга ташна эди.
Бу даврда фақатгина Америка адабиётидагина эмас, жаҳон адабиётида роман жанрида ижод қилиш бироз сусайган эди. Тадқиқотчилар бунинг сабабини биринчи Жаҳон уруши билан боғлайдилар. Ҳаттоки, ҳазиллашиб, «хаёлпараст ёзувчилар жанг сирларини ўрганаман деб урушга кетиб қолган эди», дейишади.
Эрнест Хемингуэй билан замондош бўлган адиблар 20-йилларда саноқли эди, холос. Жон Дос-Пасоснинг «Уч соладт» (1921), Э. М Ремарканинг «Тўхтовсиз ғарбий фронтда» (1929), Р. Олдингтоннинг «Қаҳрамоннинг ўлими» (1929) романлари яратилади. Хемингуэйнинг «Алвидо, қурол» романини ўқувчилар илиқ кутиб олишади ва тезгина у Америка адиби сифатида танилади.
«Алвидо, қурол» (1929) романи билан бир даврда яратилган кўплаб Америка ёшларининг урушда кўрсатган қаҳрамонлиги, уларнинг жангда кўрсатган қаҳрамонликлари, тирик қолганларнинг ўз юртига шон-шараф рамзи сифатида қайтиб келиши воқеаси тасвирланган эди.
Эрнест Хемингуэй романида эса, урушнинг моҳияти нимада, кимга керак бу мудҳиш уруш, нега Америка фарзандлари бу урушга бориши керак экан, деган муаммо кўтарилади. Миллионлаб ўғлонларнинг беҳуда ўлиб кетишига ким айбдор? Нима учун урушаяпмиз?, деган ғоя илгари сурилади. Шунинг учун ҳам бу роман Америка жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлди. Бир гуруҳ яловбардор танқидчилар адибга тош отишдан ҳам қайтмайди. Аммо ўқувчи шундай руҳдаги романни кутиб тургандек, адибни гулларга ўрайди.
Эрнест Хемингуэй жаҳонгашта адиб. Европанинг бир неча мамлакатларида, Италия ва Африкада бўлиб, инсон деган номнинг буюклигини кўнглига тугади. Бироқ хор-зор бўлган, сарсон-саргардон кезган, инсон шаънини ерга урганларни ўз кўзи билан кўради.
Адиб ўзининг «Африканинг кўм-кўк тўқайзорлари» (1935), «Ярим тундаги ўлим» (1932), «Килиманжаро» (1936), «Ғолиб ҳеч нарсага эришмайди» (1933), «Амал қилиш ёки қилмаслик» (1937), «Бешинчи колонна» (1938) асарларида ва умуман унинг бутун ижоди давомида ўзига хос услубини, бадиий тасвир ранго-ранглигини кўрамиз. Адиб фақат Америка халқининг эмас, ер куррасидаги ўзга халкларни уйлантириб юрган муаммоларни ечиб беради, ҳаётдаги иллатларни дадиллик билан очиб ташлайди. Планетамизнинг турли бурчакларида инсоннинг осуда ҳаётига, тақдирига таҳдид солаётган, ўзининг ғаразлик мақсадларида ёки бойлик тўплаш учун бегуноҳ одамларга ўзининг жирканч панжасини чўзаётганларнинг устидан ўз ҳукмини ўқийди.
Адиб иккита даҳшатли урушнинг гувоҳи бўлади. Биринчи ва иккинчи Жаҳон уруши. «Одамлар ва уруш» (1942), «Дарё орқали ўшал қишлокқа» (1950), «Хавфли ёз» (1960) ва бошқа асарларида турли тоифадаги инсонлар образини яратади. Эрнест Хемингуэйни инсоншунос адиб деб ҳам айтишимиз мумкин. У инсон қалбини тушунади, яқиндан билади, инсон юрагининг нозик нуқталарини топиб уни тасвирлай олади.
«Франсиско Каломберанинг қисқа бахти» (1936), «Америкалик жангчи» (1937), «Урушдаги одамлар» (1942) ва бошқа асарлари Хемингуэй ижоди кўлами ниҳоятда кенглигидан далолат беради.
Адиб 1936 йилдаёқ «Чол ва денгиз» қиссасини ёзишга киришган. Бу асарнинг энг муҳим жиҳати шундаки, бош қаҳрамон Сантяго ёлғиз қолганда ҳам, қийинчиликларга дуч келса ҳам, мудҳиш воқеа билан тўқнаш келса ҳам ўзининг келажакка бўлган умидини узмайди, руҳан тушкунликка тушмайди.
«Чол ва денгиз» қиссаси шунчаки Куба тасвири, табиати на Куба ажойиботларидан иборат сюжет бўлиб қолмасдан, балки минглаб кубаликларнинг эзгулик йўлидаги курашлари, орзу-уйлари ифодасидир.
Асар қаҳрамони Сантяго балиқ овига чиққанига анча кунлар бўлса ҳам, лекин иши юришмайди. Унингча, елканига “кўп ямоқ тушган” қайиққа қандай қилиб ҳам балиқ илинсин. Сантяго кекса бўлса ҳам, лекин ўзи тетик. Шунинг учун ёзувчи бу одам “таслим бўлмайди”, деб уқтиради.
Чол тўрига катта балиқ тушганда чексиз севинади. “Балиқ,-деб қичқиради у секингина,- ўлсам ўламанки, сендан ажралмайман”. Чол бутун куч-ғайратини ишга солиб, балиқ билан олишади ва енгади. Унинг “Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин бўйсундириш мукин эмас деган сўзлари инсон қудратига ёзувчининг чексиз ишончини кўрсатади”.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг.
1.Эрнест Хемингуэй ҳаёт йўли ҳақида нималарни билиб олдингиз?
2.Журналистлик соҳаси адиб ижодининг ривожланишига қандай таъсир кўрсатди?
3. Эрнест Хемингуэй қандай мавузуларда қалам тебратди?
4.Нега Эрнест Хемингуэйни инсоншунос адиб деб атаймиз?
5. Биринчи ва иккинчи Жаҳон урушига гувоҳ бўлган адиб мазкур мавзуни қайси асарларида акс эттирди?
6. «Чол ва денгиз» қиссасининг Нобель мукофотига сазовор бўлишининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
II топшириқ:Қиссани эътибор бериб ўқинг. Унда Сантяго мисолида инсон иродасига қандай баҳо берилганлигини англашга ҳаракат қилинг, мулоҳазаларингизни дафтарингизга туширинг.
60-мавзу:Чингиз Айтматовнинг “Жамила” қиссаси (2 соат)
Режа:
1. Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижоди.
2. Адиб асарларида табиат ва инсон тақдири масаласи.
3. “Жамила” қиссаси таҳлили.
Таянч тушунчалар: Қирғизистон, Талас водийси, Шакар қишлоғи, рус-тузем мактаби, зоотехник, «Жамила, «Биринчи муаллим», «Сомон йўли», «Она ер», «Алвидо», Гулсари», «Юзма-юз», «Қизил дуррали сарвиқоматим», «Бўтакуз», «Оқ кема», «Эрта қайтган турналар», «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар».