Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар
I топшириқ. Қуйидаги “деб” констуркцияли сўз бирикмаларини учун, туфайлисўзлари ёрдами билан ҳосил бўладиган бирикмаларга айлантириб кўринг. Бундай конструкциялар қандай ҳолда ўзаро синонимлик ҳосил қилиш ёки қила олмаслик сабабларини тушунтиринг.
1. Гапни яна чўзмасин деб унга қарши ҳеч нарса демади. 2. Ҳамма айб ўзингизда, яхши ўқисин деб Зуҳрани жуда эркалатиб юборган эдингиз. 3. Фақат қиз юмушларим кўп деб унамади. 4. Яна ишни сусайтирмасинлар деб қўрқяпман. 5. Қизнинг қўли қавради деб ўсмасини ҳам ўзингиз сиқиб берар эдингиз. 6. Дадам бояқиш кеча-ю кундуз чўп қоқади, мияси айнимаса деб қўрқаман. 7. Тоғдой оғир билак бердим, Ёвларни муштласин деб.
II топшириқ.Қуйидаги қўшма гаплар таркибидаги боғловчиларини алмаштиринг. Ҳосил бўлган синонимик гапларнинг услубий бўёғини аниқланг.
1. Мутал кучли эди, аммо, Отабек ундан ҳам кучли эди. 2. Қўнғироқ чалинди ва дарс бошланди. 3. Агар у одам икки қўллаб тутиб олмаса, хотиннинг аъзойи бадани шикаст топарди. 4. Аскарлар тоққа анча чиққандан кейин, бир пастқамликдан ўқ ёғила бошлади.
III топшириқ.Мазмунан яқин бўлган, ўзаро боғланган икки содда гапни қўшиб, қўшма гап ҳосил қилинг. Бундай қўшма гаплардаги услубий бўёқни изоҳлашга ҳаракат қилинг.
28-29-мавзу:Матнни кенгайтириш. Матнни қисқартириш имкониятлари(4 соат)
Режа:
1. Тавсифий матн.
2. Матнни кенгайтиришнинг ўзига хос хусусиятлари.
3. Матнни қисқартириш йўллари.
Таяч тушунчалар: тавсифий матн, монологик матн, диалогик матн,матнни кенгайтириш, матнни қисқартириш.
Воқелик ҳақида тасаввур (маълумот) берадиган бир ёки бир неча синтактик бирликлардан ташкил топган нутқий бутунлик матн ҳисобланиб, унинг диалогик ва монологик турлари бор. Сиз илгариги машғулотимизда диалогик матнга хос хусусиятларни билиб олган эдингиз. Хўш, монологик ёки тавсифий матн нима? Унинг диалогик матндан қандай фарқи бор?
Тавсифий матн сўзловчи ёки ёзувчи томонидан баён этилган воқеа-ҳодиса, нарса ёки шахс тасвири ёхуд хабар, маълумот баёнидир. Мақола, иншо ҳам тавсифий матннинг бир тури ҳисобланади.
Маълум воқеа-ҳодисаларга, нарса ва шахсларга оид фикр-мулоҳаза билдириш, уларни бадиий-тасвирий воситалар ёки далиллар билан таърифлаш, изоҳлаш, исботлаш, асослаш тавсифий матнга хос хусусиятлардир. Шунинг учун бундай матнда белги, хусусиятни ифодаловчи сўзлар, феълнинг функционал шакллари, равишлар фаол қўлланади.
Тавсифий матн яратишда уюшиқ бўлаклар, ажратилган гап бўлаклари, атов гаплар, қўшма гап кўринишларидан кенг фойдаланилади.
Бундай матнларни қисқартириш ёки кенгайтириш мумкин.
Матнни кенгайтириш қуйидаги йўл ва воситалар билан амалга оширилади:
– матннинг бош фикри, ғоясини шакллантирувчи таянч сўз ёки гап, ифодани аниқлаш ва шунга боғлиқ ҳолда ўз мустақил, ижодий фикрни ифодаловчи гап, ифода қўшиш;
– матн мазмунини мақол, матал, ҳикматлар билан бойитиш, далиллар билан асослаш;
– гапни уюшиқ бўлаклар, киритмалар, ажратилган бўлаклар ҳисобига кенгайтириш;
– сўз ва бирикмаларнинг маънодошлари - тасвирий ифодалар, фразеологик иборалар ва бошқа бадиий тасвир воситалари билан алмаштириш;
– содда гапни қўшма гапга, қўшма гапни алоҳида содда гапларга ажратиш;
– асосий фикрни ифодаловчи гапга қўшимча фикр, изоҳ билдирувчи синтактик параллел гапларни мантиқий изчилликда боғлаб киритиш;
– матннинг кириш, хулоса қисмларини ўз қарашлари, мулоҳазалари, иловалари билан тўлдириш.
Матнни қисқартириш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:
– матннинг асосий фикрини ифодаловчи гапларни ажрата олиш;
– гаплардаги уюшиқ ва ажратилган бўлакларни, киритма ва илова қурилмаларни қисқартириш;
– бирикмаларни маънодош сўзларга, содда ёйиқ гапларни йиғиқ гапларга, қўшма гапларни содда гапларга, кўчирма гапларни ўзлаштирма гапларга айлантириш;
– матннинг қўшимча фикр ифодаловчи гапларини, синтактик параллел ва такрорларни қисқартириш;
– матнни қисқа мазмунли таркибий қисмларга ажратиш;
– бирикмали сифатдош, ўхшатиш ва бошқа тасвирий ифодаларни содда ва ихчам шаклга келтириш.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ.Қуйидаги саволларга жавоб қайтаринг.
1. Матннинг қандай турлари бор?
2. Диалогик ва тавсифий матнни бир-биридан фарқлаб беринг.
3. Матнни кенгайтиришда қандай воситалар ишлатилади?
4. Матнни қисқартириш қандай йўллар билан амалга оширилади?
5. Матнни қисқартириш ёки кенгайтириш усулларини билиш нима учун керак?
II топшириқ.Ўзингиз ўқиган бадиий асардан муайян парчани олиб унинг мазмуний қурилишига эътибор беринг. Танлаган матнинингизни қисқартиришга ҳаракат қилиб кўринг. Уни қандай йўл билан амалга оширилганлигини дафтарингиз ёзинг.
III топшириқ.Матнни диққат билан ўқинг. Унда матнни кенгайтириш учун хизмат қилган тасвирий воситаларни аниқлаб, матнни қисқартиринг.
Деразани ланг очиб қўйдим. Уйга роҳатижон ҳаво оқиб кирди. Ёришиб бораётган кўкиш тонг нурида бошлаб қўйган этюд ва хомаки суратларимни кўздан кечириб турибман. Бундай суратларим кўп, бир неча марта ҳаммасини янгидан бошлаган пайтларим бўлган. Лекин яхлит бир сурат ҳақида фикр айтишга ҳали эрта. Энг муҳим нарсани ҳали топганимча йўқ. Тонг сукунатида ҳаёл суриб қадам ташлаб юрибман, ҳеч ўйимнинг охирига етолмайман. Ҳар гал ҳам шу кайфиятда ўтади. Ҳар гал суратим ҳали хаёл пардасидан чиқмаган, деб ўзимни қаттиқ ишонтираман.
IV топшириқ.А. Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” шеърини насрий матнга айлантириб ёзинг. Матн мазмунини ўз хулосаларингиз билан тўлдиринг.
30-мавзу: Алишер Навоий “Хамса”си.
“Ҳайрат ул-аброр”достони(2 соат)
Режа:
1. “Хамса” чилик анъанаси.
2. Навоий “Хамса”си XV асрдаги халқимиз маънавий тараққиётининг кўзгуси.
3. “Ҳайрат ул-аброр” – муқаддимавий достон.