Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар. I топшириқ: Берилган гаплардаги ажратиб кўрсатилган сўзларнинг ўз ва кўчма маънода ишлатилганлигига кўра уларни икки гуруҳга ажратиб кўчиринг
I топшириқ: Берилган гаплардаги ажратиб кўрсатилган сўзларнинг ўз ва кўчма маънода ишлатилганлигига кўра уларни икки гуруҳга ажратиб кўчиринг.
Ўз маънода | Кўчма маънода |
1. Олтин – қимматбаҳо метал | 1. Буғдойнинг олтин бошоқлари шитирлайди. Еримиз – олтин, унга нима эксанг битади. Ер –хазина, сув – олтин. |
1. Олтин– қимматбаҳо метал. Буғдойнинг олтин бошоқлари шитирлайди. Еримиз – олтин, унга нима эксанг битади. Ер–хазина, сув-олтин. 2.Маданиятимиз гуллади. Мева дарахтлари гуллади. Салим кечаги воқеа ҳақида гуллади. Тандирдаги нон гуллабкетди. 3. Қиз опасининг қошига келди. Унинг қошлари чимирилди. Отанинг қош-қовоғи осилган эди. Эгарнинг қоши нақшдор. Қошқораётганда етиб келдилар. Аёл қошигаўсма қўймоқда эди.
III топшириқ: Луғатлардан бир маъноли ва кўп маъноли сўзларга 10 тадан мисол топинг, уларни икки устунга ажратиб ёзинг. 4 та кўп маъноли сўзни танлаб, улар иштирокида иккитадан гап тузинг.
10-мавзу: Адабиёт – маънавиятни юксалтириш воситаси. Бадиий адабиёт инсон камолотида асосий восита эканлиги(2 соат)
Режа:
1. Адабиёт - сўз санъати.
2. Образлилик ҳақида маълумот.
3. Бадиий адабиёт — инсон фаолиятининг маҳсули.
Таянч тушунчалар:адабиёт, бадиий адабиёт, сўз саъати, образ, образлилик, мусиқа, кино, меъморчилик рақс, ҳайкалтарошлик, одоблар йиғиндиси, одоблар хазинаси, маърифий ва эстетик хусусият.
Санъат воқеликни образлар воситасида акс эттиради. Образ эса борлиқдаги нарсаларнинг оддий акс эттиришдан иборат эмас, балки бадиий акс эттиришдан иборатдир. Ижодкорнинг фикр, туйғу, сезги ва кечинмалари сингдирилган ҳаёт манзараси тасвири бадиий образ дейилади.
Санъатнинг турдари кўп. Улардан энг муҳимлари тасвирий санъат, мусиқа, кино, меъморчилик, рақс, ҳайкалтарошлик ва бадиий адабиётдир. Образлилик ҳамма санъат турига хос. Бироқ уларнинг ҳар бирининг ўзига хос образ яратиш воситалари мавжуд. Образлилик бадиий адабиётда сўз, мусиқада оҳанг, рассомчиликда ранг-бўёқ, ҳайкалтарошликда тош, рақсда ҳаракат орқали амалга оширилади. Бадиий адабиётда образ яратувчиси ягона восита сўз бўлиб, бу сўз оддий сўз эмас, балки муайян ҳис-туйғуни, ҳолат ва ҳаракатни, манзарани ўқувчилар қалбига таъсир этадиган даражада ифодаловчи бадиий сўздан иборат бўлади. Образли сўзга асосланувчи, ҳаётни муайян образлар воситасида акс эттирувчи адабиёт эса бадиий адабиёт деб юритилади. Тил образ яратишнинг асосий воситаси ҳисобланади. Шу маънода адабиёт сўз санъатидир.
“Адабиёт” арабча сўз бўлиб, “одоблар йиғиндиси”, бошқача айтганда, “одоблар хазинаси” деган маънони билдиради. Бадиий адабиётни “манавият хазинаси”, “маънавият кўзгуси”, “руҳиятни шакллантиш воситаси” ҳам дейилади.
Илмий асарларда муаллиф воқеа ва одамлар ҳамда мантиқий тушунчалар орқали фикр юритади. Бадиий адабиётда эса турмуш сўзлар воситасида акс эттирилади, характер ва манзаралар яратилади. Ёзувчи бадиий асарда ҳаётни, одамларни шундай тасвирлайдики, у тасвирлаган ҳамма нарса аниқ кўриниб туради.
Бадиий адабиёт ҳаётда ижтимоий-тарбиявий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, китобхонда турмуш ҳақида юксак ижтимоий ғоялар ҳосил қилади. Шу сабабли ҳам адабиётшунос Н.Г.Чернишевский адабиётни «ҳаёт дарслиги» деб атади.
Бадиий адабиёт бизда маърифий ва эстетик тушунчалар ҳосил қилади. Бадиий адабиётнинг турмуш воқеалари ҳақида тасаввур ҳосил қилиши маърифий, воқеа ва образлар ҳақида ҳис-туйғу уйғотиши эстетик хусусиятидир. Бадиий адабиётнинг бу хусусиятини машҳур ўзбек ёзувчиси Мақсуд Шайхзода содда ва аниқ ифодалаган: «Адабий асарларни ўқиганимизда бизда туғилган гўзаллик ҳисси ҳар бир асардан ўзимизга тегишли хулоса чиқаришга ёрдам беради. Биз ўқиган асарларимиздаги яхши образларга эргашиб, уларга ўхшашга, ёмон образларга эса, аксинча, сира ўхшамасликка интиламиз. Адабиёт кишига маълумот ва лаззат бериш билан бир қаторда, китобхонларда тўғри, фойдали хулқ ва ахлоқнинг мустаҳкамланишига, камчилик ва нуқсонлардан қутулишга ёрдам беради».
Демак, бадиий адабиётнинг қуйидаги уч вазифаси мавжуд:
1. Ҳаётнинг ҳаққоний бадиий инъикосини яратади.
2. Инсон образини яратиш, унинг ички оламини тасвирлаш, табиати ва руҳиятидаги гўзаллик куртакларининг ташқи олам таъсирида ғунча тугуши ва гуллаши жараёнини кўрсатиши.
3. Тарихий ўтмишдаги, шунингдек, ҳозирги даврдаги ибратли воқеалар ва ажойиб кишилар ҳаётини акс эттириш орқали кишиларга эмоционал таъсир ўтказиш, завқ-шавқ бағишлаш, уларни тарбиялаш, уларнинг баркамол инсонлар бўлиб шакллантиришда фаол иштирок этиш.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ: Қуйидаги саволлар устида мушоҳада юритиб кўринг.
1. Адабиёт нега сўз санъати деб юритилади?
2. Сизнингча адабиёт қачон пайдо бўла бошлаган?
3. Адабиёт ва маънавият тушунчаларининг бир-бирига алоқадорлигини қандай изоҳлайсиз?
4. Бадиий адабиёт инсон қалбида маърифий ва эстетик хусусиятларни шакллантиришини ўзингиз ўқиган бир асар мисолида изоҳлаб беринг.
II топшириқ: “Адабиёт – ҳаёт дарслиги” мавзуида матн тузинг. Унда адабиётнинг инсон фаолиятига таъсирини ёритишга ҳаракат қилинг.
11-12-мавзу: Халқ оғзаки ижоди - бебаҳо бойлик. Рустамхон достони. Достон ва унинг турлари, достончилик тарихи ҳақида маълумот(4 соат)
Режа:
1. Фольклор – халқ донолиги.
2. Достон – халқ оғзаки ижодининг йирик жанри.
3. “Рустамхон” достони таҳилили.
Таянч тушунчалар: фольклор, халқ оғзаки поэтик ижоди, «халқ донолиги, халқ донишмандлиги», фольклоршунослик, достон, достончилик мактаби, қаҳрамонлик достони, романик достон, жангнома достон, китобий достон.
“Фольклор” атамаси аслида “фолк” - халқ ва “лоре” - донолик сўзларидан ясалган бўлиб, «халқ донолиги, халқ донишмандлиги» маъноларини англатади. Уни биринчи марта 1846-йилда Вилям Томс илмий истилоҳ сифатида қўллади. Шундан бошлаб бу истилоҳ халқаро миқёсда илмий таомилда ўзлашиб кетди. 1935-йилда Ҳ. Зариф ва Ш.Ражабийларнинг «Ўзбек совет фольклоридан намуналар» китоби босилиб чиққандан кейин мазкур истилоҳни қўллаш таомилга кира бошлади ва аста-секин ўзбек фольклори тушунчаси замирида ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди тушуниладиган бўлди.
Ўзбек фольклори хилма-хил жанрлардан таркиб топган оғзаки сўз санъати бўлиб, халқимизнинг дунёқараши, бадиий завқи, ижодий салоҳияти, орзу ва интилишларини акс эттиради. Шулардан бири достон ҳисобланади.
«Достон» сўзи қисса, ҳикоя, саргузашт, таъриф ва мақтов маъноларида ишлатилади. Адабий атама сифатида у халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётидаги йирик ҳажмли эпик асарларни англатади. Бироқ ёзма ва оғзаки адабиётдаги достонлар ҳаётни тасвирлаш воситалари ва усуллари жиҳатидан бир-бирларидан жиддий фарқ қилади.
Ўзбек халқ достонлари жуда узоқ тарихий тараққиёт босқичларини босиб ўтди. Унинг энг қадимги намуналари сақланиб қолмаган. Ўтган асрда ёзиб олинган достонларгина бу жанрнинг кўп даврлар оша халқ бахшилари ҳофизасида оғзаки равишда муайян ўзгаришлар билан бизгача етиб келганлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам уларни халқ бахшилари фаолиятидан ажратиб ўрганиш мумкин эмас.
Ўзбек халқ достонлари ниҳоятда кўп таркибли бўлиб, узоқ асрлар давомида яратилди ва турли ижтимоий-иқтисодий шароитларда куйланиб келди. Бу ҳол уларни муайян турларга бўлиб ўрганишни тақозо етади.
Достонлар мавзу жиҳатдан ранг-баранг, мазмунан хилма-хил бўлганлиги боис уларнинг қуйидаги турлари мавжуд: қаҳрамонлик достонлари, ишқий-саргузаш достонлар, тарихий достонлар.
Достонлардаги асосий қаҳрамонлар қиёфасисида инсонпарварлик, ватанпарварлик, мардлик, жасурлик, дўстлик, вафодорлик каби олижаноб фазилатлар умумлаштирилади.
Халқ оғзаки ижодидаги “Рустамхон”, “Алпомиш” қаҳрамонлик достони бўлса, “Гўрўғли”, “Равшан”, “Ошиқ Ғариб ва Шохсанам” кабилар ишқий-саргузашт достонлардир.
ИЗОҲ:Машғулотнинг иккинчи соатида “Рустамхон” достони таҳлил қилинади. Бунинг учун талабалар достонини ўқиб келган бўлишлари шарт. Дарсликда келтириган парча юзасидан баҳс-мунозара ташкил қилинади. Унда ФСМУ(Ф – Фикрингизни баён этинг, С– Фикрингизни баёнига сабаб кўрсатинг, М – Фикрингизга мисол келтиринг, У– Фикрларингизни умумлаштиринг, хулосаланг ) методидан фойдаланиш мумкин. Баҳс –мунозара учун тузилган саволлар тахминан қуйидагича бўлади:
1. Султонхоннинг сафарга кетиш сабабларини тушунтиринг. Сизнингча у тўғри қилдими?
2. Офтобой шахсига хос сифатларни изоҳланг.
3. Рустамхоннинг “Ўлимдан қўрқарми билгил, мард киши, бундан қўрқиб кетмоқ номарднинг иши” сўзларида унинг қайси сифатлари акс этади?
4. Рустамхон нима учун Бужулда подшолик қилиб қолмади? (Баҳс-мунозара учун саволлар сони орттирилиб борилади)
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ:Қуйидаги саволларга жавоб беринг.
1. «Фольклор» истилоҳи қандай маънони англатади ?
2. Фольклоршунослик деганда нимани тушунасиз?
3. Ўзбек фольклорнинг қандай жанрлари мавжуд?
3. Фольклор жанрларда муаллиф масаласи қандай?
4. Достон атамасининг моҳияти нимадан иборат?
5. Достон жанри ўзбек фольклорида қандай ўрин тутади?
6. Достонларнинг яратилишига нималар таъсир кўрсатган?
7. Достонлар қандай турларга бўлинади?
II топшириқ: Достонда қўлланилган бадиий тасвирий воситаларни аниқланг. Улар қандай мақсадда қўлланилганлигини изоҳланг.
13- мавзу: Қадимий адабий ёдгорликлар – маънавият дурдоналари. “Авесто” – қомусий моҳиятга эга муқаддас китоб
(2 соат)
Режа:
1. “Авесто”- Ўрта Осиё халқларининг муштарак ёдгорлиги.
2. “Авесто”нинг мундарижаси.
3. “Авесто”нинг тарихий-маърифий ва адабий қиммати
Таянч тушунчалар:адабий ёдгорлик, оғзаки ёдгорлик, ёзма ёдгорлик, муқаддас китоб, қомусий манба, зардуштийлик дини, Зардушт.
«Авесто» - зардуштийлик динининг муқаддас китоби. Қадимги Турону Эрон халқларининг муштарак ёдгорлиги ҳисобланган «Авесто» эрамиздан олдинги VI асрларда вужудга келган. Энг қадимги динлардан бўлган зардуштийлик исломга қадар Ўрта Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган. Манбаларда эътироф қилинишича, «Авесто»га Зардушт асос солган. Яна бир қарашда таъкидланишича, «Авесто» худодан ваҳий сифатида пайғамбар Зардуштга ноил бўлган. Фанда Зардушт шахси ҳақида мунозарали фикр-мулоҳазалар мавжуд. Тарихчи олим Табарий уни «Зардушт бин Юнон» деб қайд этса, Беруний Зардуштни озарбайжонлик Сафид Туман деган кишининг фарзанди эканлигини эътироф етади. Аксарият манбаларда зардуштийлик дини Заратуштра (Зардушт) таълимоти деб ҳам аталади. Шундай бўлишига қарамай, «Авесто»дай қомусий манбанинг шаклланиши ва такомилини бир шахснинг номи билан боғлаб бўлмаслиги таъкидланиб келинадики, бунга қўшилиш мумкин.
«Авесто» ёдгорликларининг бизга маълум (ҳозирча) энг қадимги нусхаси 1324 йилда кўчирилган бўлиб, бу мўътабар қўлёзма Копенгагенда сақланади. Мазкур китоб қайта тиклангандан сўнг унга қизиқишлар кучайган ва шарҳли таржималар ҳам бунёдга келган. Шарҳлар «Занд» деб номланган бўлиб, уларнинг намуналари бизгача етиб келган. «Авесто»нинг айрим нусхларида ўша зандларнинг паҳлавий тилида ёзилганлиги кузатилади. Шунинг учун «Авесто» матни унинг шарҳлари билан биргаликда «Авесто ва Занд» ёки «Занд Авесто» атамалари билан юритилади.
«Авесто»нинг кўп қисмлари бизгача етиб келмаган. Шундай бўлса-да, мазкур китоб ҳақида мумтоз ва бугунги тадқиқотчилар томонидан яратилган ишлар асосида маълум тасаввур хосил қилиш мумкин. «Авесто»нинг «Ясна», «Видевдот» («Вентидот»), «Яшт», «Виспрет» («Виспарад») каби қисмлари фанга маълум. Бу наск (китоб)ларнинг муайян вазифалари бўлган. Жумладан, «Ясна» 72 бобдан иборат бўлиб, у намоз учун зарур дуолар сифатида талқин қилинади. Яна «Ясна» қурбонлик қилиш маросимида айтиладиган қўшиқлар, худолар мадҳияси ва шу каби диний маросимларга хос расм-русумларни ўз ичига олади. Ахура Мазда ҳақидаги хабар пайғамбар Зардуштга доир айрим маълумотларни ўзида мужассам этган ўн етти Гох (Гот) хам «Авесто»нинг «Ясна» бўлими таркибида етиб келган. Бу шеърий парчалар «Авесто»нинг энг қадимий изоҳланиши, мураккаб қисмлари ҳисобланади. Чунки айни ана шу сатрларда Зардушт яшаган қадимий қатлам воқеаларига кўпроқ ишоралар қилинади.
«Видевдот» 22 бобдан иборат бўлиб, мазкур саҳифалар Ахура Мазда ва Зарадуштранинг савол-жавоби шаклида ёзилган. «Видевдот»ни Ахура Мазданинг душманлари ҳисобланган девларни махв этишга қаратилган дуолар тўплами ҳам дейиш мумкин. «Виспрет» эса 24 бобдан таркиб топган бўлиб, намоз ва зикру сано матнларини ўз ичига олади. “Авесто”нинг “Яшт” қисмида 22 қўшиқ мавжуд. Булар Ахура Маздадан бошлаб у яратган турли маъбудлар шаънига айтилган, ўқилиши кўп савобли ҳисобланган алқов-олқиш (гимн)лар тўпламидир.
«Авесто» зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлиши билан бир қаторда Турону Эрон ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатларининг тарихи, маданияти, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, тили, урф-одатлари, халқ оғзаки ижоди ҳақида маълумот берувчи ноёб қомусий манбадир.
Мазкур асар маданий ҳаётнинг турли соҳаларига доир, чунончи, қадимий медицина, астрономия, космогония ва фалсафага доир материал ва маълумот ҳам беради. Бундан ташқари, “Авесто” адабий ёдгорлик ҳамдир. Унда бадиий тил воситалари, образли сўзлар кўп ишлатилган бўлиб, унда оғзаки адабиёт ёдгорликлари анчагина сақланиб қолинган.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ.Қуйидаги саволларга жавоб топинг.
1. “Авесто” қандай китоб, у ҳақида нималарни биласиз?
2. “Авесто”нинг энг қадимги нусхалари қаерда сақланади?
3. “Авесто”нинг адабий манба сифатидаги аҳамияти нимадан иборат?
4. Нима учун “Авесто” Ўрта Осиё халқларининг муштарак ёдгорлиги ҳисобланади?
II топшириқ. “Авесто”дан келтирилган қуйидаги парчада қўйилган саволлар устида мушоҳада юритиб кўринг:
“-Эй, Аҳура Сендан ўтинаман, Ҳақиқат билан жавоб бер: Ибтидо борлиқнинг Яратгувчиси ва Ҳақиқатнинг отаси ким эди? Қуёш ва юлдузлар гардишига илк бор асос солган зот ким? Ким у ойни дастлаб тўлдиради ва яна кичрайтиради? – Эй, Аҳура!.. оёқларимиз остида тўшалган заминни ким яратди? Бошимизда йиқилмай турган осмонни яратган кимдир? Сув ва гиёҳларни ким бунёд этди? Ким шамол ва қора булутларга шитоб бахш айлади?”
14-мавзу: Ўрхун –Энасой обидаларининг адабий-бадиий қиммати
(2 соат)
Режа:
1. Ўрхун - Энасой ёдгорликлари – қадимий обидалар.
2. Ўрхун - Энасой ёдгорликларининг ўрганилиши.
3. Ўрхун - Энасой обидаларининг адабий манба сифатидаги қиммати.
Таянч тушунчалар: Ўрхун-Энасой, тошбитик, қабр тоши, “тангри”, “турк”, туркий рун, Мўғулистон, Кошо-Цайдам водийси, марсия.
Тошга ўйиб ёзилган адабий тарихий лавҳалардан таркиб топган қадимий обидалар Ўрхун ва Энасой дарёлари ҳавзаларидан топилганлиги боис фанда шу ном билан юритилади. Бу маданий ёдгорликлар илк бор Энасой дарёси бўйларида мавжудлиги аниқланиб, рус хизматчиси Ремезов, кейинчалик швед олими Иоганн Страленберг ва олим Миссершмидтлар томонидан илм аҳлига маълум қилинди.
Энасой ёдгорликларини ўрганишда рус сайёҳи ва ёзувчиси Н.М.Ядринцевнинг Мўғулистоннинг Кошо-Цайдам водийсидаги Ўрхун дарёси ҳавзаларидан шунга ўхшаш маданий ёдгорликларни аниқлаши муҳим аҳамият касб етди. Улардаги матнлар номаълум ёзувда бўлиши билан бир қаторда айримлари хитой ёзувида ва хитой тилида битилган эди. Шундай қилиб, фин-угор илмий жамияти ҳамда академик В.В.Радлов бошчилигидаги рус олимларининг Ўрхун дарёси бўйларида ўтказган илмий экспэдициялари шу маданий ёдгорликларни ўрганишга бағишланди.
Даниялик олим Вильгелм Томсеннинг «бу маданий ёдгорликлар туркий халқларга тааллуқли бўлиши керак»- деган тахмини тўғри бўлиб чиқди. У дастлаб “тангри”, “турк” сўзларини, кейинчалик 1893 йилнинг 25 ноябрида барча ҳарфларни аниқлаб, ёдгорликдаги матнларни тўла ўқишга муваффақ бўлади. Академик В.В.Радлов эса В.Томсен ва ўзининг тажрибаларига таяниб ёдгорлик матнини биринчи бўлиб рус тилига таржима қилади.
Тошдаги битиклар «сир»ининг аниқланиши туркий халқларнинг дунёдаги ўз хоқонлигига эга бўлган қавмлардан эканлигини далиллашга хизмат қилди. VI асрнинг ўрталарида шакллана бошлаган турк хоқонларининг давлати Турондан Дунай дарёсигача бўлган бепоён ҳудудни ўз ичига олган. Бу мамлакат Ўрта Осиё, Еттисув, Шарқий Туркистон, Олтой ўлкаларида яшовчи турли халқ ва қабилаларни ўзида бирлаштирган эди. Айни хоқонлик унга яқин ва ёндош бўлган майда-майда ҳукмронликларнинг уюшмасидан иборат бўлган. М.Н.Ядринцевнинг топган ёдгорликлари ана шу ҳукмдорлардан Билга Хоқон - Моғиён (734 йилда вафот етган) ва унинг укаси Қултегин (732 йилда вафот етган) қабр тошларига ўйиб ёзилган ёдгорликлардир. Шу вақтлардан бошлаб мазкур битиклар фанда “Ўрхун-Энасой” ёдгорликлари, ундаги ёзувлар эса туркий рун (рун-сирли, яширин демакдир) ёки Ўрхун-Энасой ёзуви деб атала бошланди.
Кейинчалик туркий рун ёзувининг янги-янги топилмалари фанга маълум бўла бошлади. Жумладан, Н.М.Ядринцев Онгин дарёси қирғоқларидан янги ёдгорликларни топишга муваффақ бўлди. Эру хотин Дмитрий ва Елизавета Клеменцлар Селенга дарёси бўйларидан иккита устунга ёзилган турк хоқонларининг маслаҳатчиси Тўнюқуққа атаб ёзилган катта ёдгорликни кашф этдилар. Булардан ташқари, 1896-1897 йилларда Авлиё ота (ҳозирги Жамбул) шаҳри яқинида, Талас дарёси бўйида V-VI асрга доир бешта тош ёдгорликлари ва қоғоз, чарм, ёғоч, турли идиш-товоқларга ёзилган маънавий обидалар топилди.
Ушбу қадимий ёдгорликларни дунё туркийшунослари томонидан синчиклаб илмий ўрганилиши ҳамон давом этмоқда.
Мазкур битикларни В.Томсен ва В. Радловлардан кейин С. Е. Малов, С.Г.Кляшторний, И.В.Стеблева, Х.Ўрхун, Т.Текин, Нажиб Осим, Г. Айдаров, ўзбек олимларидан А.Рустамов, А. Қаюмов, Қ. Абдураҳмонов, Н. Раҳмоновлар ўрганишмоқда. А. П. Қаюмовнинг “Қадимият обидалари”, Қ. Абдурахмонов, А. Рустамовларнинг “Қадимги туркий тил” номли китоблари таркибида ушбу ёдгорликлардан намуналар ўзбек тилига ўгирилиб, нашр этилган.
Ўрхун-Энасой обидаларининг аксарият қисмини қабр тошларидаги битиклар ташкил этади. Булардан Билга Хоқон ва унинг укаси Қултегиннинг қабр тошларидаги шеърий парчалар муҳим адабий аҳамият касб этади. Қултегин битиктоши Элтариш Хоқоннинг ўғли шарафига ўрнатилган бўлиб, унинг муаллифи Йўллуғтегиндир. Унда Қултегиннинг қаҳрамонликлари, унинг ватан, она-юрт олдидаги буюк хизматлари шарафланади. Қултегин битиктошининг акаси Билга Хоқон тилидан ёзилганлиги кузатилади.
Ўрхун-Энасой битиклари хотиралар, қабр тошларига ўйиб ёзилган тарих ва марсиялардан, турли хил ҳужжат, тамға, пул намуналаридан иборат бўлиб, V-VIII асрларнинг жуда қимматли ёдгорлиги саналади. Ўрхун-Энасой битиктошлари тил ва ёзув ёдгорлиги бўлиши билан бир қаторда тарихий ва адабий манба мақомида муайян бадиий илмий қимматга ҳам моликдир. Чунки уларда V-VIII асрлардаги ижтимоий-иқтисодий хаёт, туркий халқлар ва қабилаларнинг урф-одатлари, эътиқодий қарашлари, бадиий ижоди намуналари ўз ифодасини топган. Битиктошларда шеърий мисраларнинг учраши, турли тарихий воқеалар ифодасида бадиий услубдан фойдаланганлиги муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, қабр тошларидаги марсияларнинг бадиийлик даражасининг бирмунча юксак эканлиги қизиқиш уйғотади.
Шундай қилиб, Ўрхун-Энасой ёдгорликлари V-VIII асрларда яшаган туркий халқларнинг ноёб муштарак маданий мероси сифатида аждодларимизнинг маънавий-бадиий, илмий-тарихий салоҳиятининг баландлиги, қадимий ва бойлигидан ёрқин нишонадир.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ. Билка-хоқон ёдгорлигидан келтирилган қуйидаги парчани таҳлил қилинг ва бадиий тасвирий воситаларнинг қўлланилишига эътибор беринг:
Мен ҳалок бўлган қашшоқ халқни бой бутунлай (оёққа) турғиздим (йиғдим), қашшоқ халқни бой қилдим, оз сонли халқни кўп сонли халққа айлантирдим. Менинг сўзларимнинг бирор ёлғон бўлмас...!
II топшириқ. Қуйидаги саволларга жавоб топинг.
1.Ўрхун-Энасой обидалари ҳақида нималарни биласиз?
2.Бу ёдгорликлар нега шу ном билан юритилади?
3.Ўрхун-Энасой обидалари кимлар томонидан ўрганилган?
4.Ўрхун-Энасой ёдгорликларининг адабий манба сифатидаги аҳамияти нимадан иборат?
15-16- мавзу: Илдизни билиш ўзликни англашдир. Имом Исмоил ал-Бухорий. Иншо: Ҳадис илмий сабоқлари(4 соат)
Режа:
1.Имом Исмоил ал-Бухорийнинг ҳаёт йўллари.
2. Ал-Бухорийнинг маънавий мероси.
3. Ал-Бухорий – ҳадис илмининг билимдони.
Таянч тушунчалар:Ҳадис, муҳаддис, саҳиҳ, фиқҳ, муарриҳ "Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ","Саҳиҳ ал-Бухорий",“Ал-адаб ал-муфрад”.
“Ҳадис” арабча сўз бўлиб, унинг бир қатор маънолари бор:
1. Янги, янги нарса, янги рўй берган воқеа;
2. Сўз, ҳикоя, нақл, ривоят;
3. Муҳаммад пайғамбар ёки унинг саҳобалари ҳақида ҳикоя қилувчи хабар ёки ривоят.
Ислом дини таълимоти бўйича энг асосий манба Қуръондир. Ҳадислар ана шу муқаддас асардан кейинги ўринда турувчи мўътабар манбадир. Ҳадислар Муҳаммад пайғамбар ҳаёти ва фаолияти, шунингдеқ унинг турли шароитларида диний, фалсафий, ахлоқий-таълимий мавзуларда айтган хилма-хил фикрлари, кўрсатмалари ёки муносабатларини акс эттиради.
Ислом динидаги ички ғоявий курашлар ва ўзро муросасизлик натижасисда пайғамбар ҳадисларини бузуш, уларни сохталаштириш ҳам кўзга ташлана бошлайди. Бундай номаъқул ҳаракатларга қарши кураш зарурати юзага келади. Натижада ҳадисларни фақат эшитиш билан эмас, балки ёзиб олиш, унинг ҳақиқий, дастлабки шаклини тиклаш билан ҳам шуғулланишга тўғри келади. Шунга кўра ҳадисларни тўплаб, бир китоб ҳолига келтириш ҳаракати VIII асрдан бошлаб кенг авж олади.
Муҳаддислар ҳадисларнинг ҳақиқийлигини айрим белгилар орқали аниқлаганлар. Булар: ҳадислар Қуръон оятларига зид келмаслиги лозим; улар пайғамбар суннатларига мувофиқ бўлмоғлиги шарт; уларда тарихий воқелик бузилмаслиги керак. Ҳадислар ғайрий ахлоқий бўлиши мумкин эмас.
Ҳадисларни тўплаб, уларнинг ҳақиқийларини аниқлаш билан шуғулланган олимлар муҳаддис дейилади. Имом Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож, имом Термий, Абу Довуд, Сулаймон Сижистоний, Ибн Можжа ва бошқа қатор муҳаддисларнинг номлари машҳур. Лекин муҳаддислар орасида Исмоил ал-Бухорийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлган.
Имом ал-Бухорий азалдан илм-фан ва маданият равнақида машҳур бўлган Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Кўплаб муаррихларнинг гувоҳлик беришларича, Бухоро азалдан Мовароуннаҳрнинг энг қадимий ва гўзал шаҳарларидан бири бўлган. Манбаларда зикр қилинишича, шаҳарнинг ўраб турган деворлари ўттиз олти миллга чўзилган. Шаҳарнинг обод ва кўркамлиги, унинг беназир гўзаллиги хусусида кўплаб шоирлар ва фозиллар ўзларининг насрий ва назмий асарларида алоҳида эҳтирос билан тараннум этганлар. Мана шу муҳташам шаҳар-Бухорои шарифда 194 хижрий сана шаввол ойининг 13 кунида салотул жумъадан кейин (810 мелодий сана 21 июл) жамийъ муҳаддисларнинг имоми, ҳадис илмининг султони (амирул мўмъинийн фил ҳадис), саййидул фуқаҳо каби улуғ лақабларга муяссар бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларига дурдонасимон сайқал бериб, уларни абадул-абад барҳаёт қилган улуғ зот имом ал-Бухорий дунёга келган.
Имом ал-Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот етиб, унинг тарбияси фақат волидаси кафолатида бўлган. Бирмунча улғайиб ақли расо бўлгач, унинг қалбида исломий илмларга, айниқса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга мойиллик тобора кучая боради. Бу ҳақда Имом ал-Бухорийнинг котиби, унинг асосий таснифи "Саҳиҳ" асари ровийларидан бири Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Хотам ал-Варроқ шундай деб ёзади: "Ал-Бухорийнинг: "Ҳадисларни ёд олиш илҳоми менга бошланғич мактабда ўқиётганимда келган эди"-деб айтганини эшитганимда: "Ўшанда неча ёшда эдингиз"?-деб сўрадим: у "Ўн ёшда балким ундан ҳам кичик эдим", -деб жавоб берганди”. Бу мисолдан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорий жуда ёшлигидан бошлаб ҳадисларни ёд олиб, бу илмга алоҳида завқ-шавқ ва қизиқиш билан қараган.
Кўпгина манбалар ва тарих китобларида имом ал-Бухорийнинг ақл-заковати ва қувваи-ҳофизасини синаш мақсадида қилинган имтиҳон (синов) хусусида аниқ маълумотлар зикр қилинган. Дарҳақиқат, бундай жиддий бир имтиҳон Бағдодда Дор ул-хилофат (Халифалик уйи)да Бағдод уламолари томонидан уюштирилган. Бағдодлик олим Абу Бакр ал-Калузоний (вафоти 249 хижрий йил) "Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийга ўхшаш хеч бир олимни кўрмадим. Бирор илмга оид ҳар қандай китобни олиб синчиклаб мутолаа қилардида, унда келтирилган барча ҳадисларни бир мартанинг ўзидаёқ ёдлаб оларди",-деб ёзган. Қачонки имом ал-Бухорий ҳадис илми бўйича мукаммал илмга эга бўлиб илмий мажлислар уюштириб, сабоқ бера бошлагач ва унинг бу тарздаги мажлисларининг довруғи ҳар тарафга тарқаб, эл орасида ёйилгач, илм толибларию, аҳли дониш унинг сабоқларига шунчалик кўп ёғилиб кела бошладики, хатто мажлисларига одамлар сиғмай кетарди. Бу тартибдаги илмий мажлислар Басра, Бағдод, Хижоз, Балх каби шаҳарларда уюштирилган. Аллома умрининг охирларида ўз ватани Бухорода ҳам ҳадис илмидан сабоқ ўқиган.
Имом ал-Бухорийнинг "Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" асари ислом дини таълимотларига кўра Қуръони каримдан кейинги асосий манба хисобланади. Бу асарнинг тўлиғича "Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ ал-муснад мин ҳадис Расулуллох-саллоллоху алайхи ва саллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи" ёки бўлмаса тарихчи Бадруддин ал-Айнийнинг ёзишича, "Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умури Расулуллох-саллоллоҳу алайҳи ва саллам ва сунаниҳи ва айёмиҳи” деган номлар билан аталса-да, ҳадис илмида қисқача "ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" ("Ишончли тўплам"), аксар ҳолда эса "Саҳиҳ ал-Бухорий" номи билан машҳурдир. Асарнинг қирқга яқин қўлёзма нусхалари Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ва яна бир қанча нусхалари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланади.
Имом ал-Бухорий ғоятда тақводор ва покиза инсон бўлганлигидан Муҳаммад алайхиссаломнинг саҳиҳ ҳадисларини тўплашга жуда катта масъулият ва ҳалоллик билан ёндошган. Натижада ислом оламидаги барча муҳаддисларга намуна бўладиган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳиҳ ҳадисларини ўзида мужассам қилган мукаммал бир асар яратилди.
Аллома Абу Жаъфар ал-Уқайлийнинг ёзишича, имом ал-Бухорий "Саҳиҳ" асарини ёзиб тугатгач Ахмад ибн Ханбал, Яхъя ибн Маъийн, Али ибн ал-Мадийний ва бошқа машҳур олимларга кўрсатганда улар бу асарни катта мамнуният билан маъқуллаганлар. Аввал таъкидлаб ўтилганидек, Имом ал-Бухорийнинг бу асарига фақат саҳиҳ (ишончли, тўғри) ҳадислар киритилган. Албатта, бу ўта машаққатли ва хайрли ишни амалга оширишда муаллиф маълум қонун-қоидага, бошқача қилиб айтилса, шартларга, риоя қилган. Мутахасислар “Жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламига кирган 7397 ҳадис олим ёд билган 600 минг ҳадисдан танлаб олинганлигини қайд этадилар.
Имом ал-Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” (Одоб дурдоналари) асарининг инсон камолотидаги ўрни бениҳоя каттадир. Мазкур асар панд-насиҳат, эзгуликка даъват ёки фалсафий фикрларни ифодаловчи ҳикматлар мажмуидан иборат асардир.
ИЗОҲ:Машғулотнинг биринчи жуфтлигида дарсликда “Ал-адаб ал-муфрад” асаридан келтирилган ҳадислар таҳлил қилиниб, талабалар “Ҳадис илмий сабоқлари” мавзуида иншо ёзишга тайёрланадилар. Иншонинг асосий мақсади талабаларда ёзма нутқ малакаларини ўстириш, мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилади.
“Ҳадис илмий сабоқлари” мавзуидаги иншо адабий иншо тури ҳисобланади. Иншонинг бу тури ўқувчиларда бадиий нутқни ривожлантиради, ўхшатиш, сифатлаш, жонлантириш, муболаға сингари адабий тасвир воситаларидан фойладаланиш, оддий сўзлар билан маънони кучайтириш, бўёқдор сўзларни қўллай билишга ўргатади. Машғулот давомида иншонинг тахминий режаси берилади.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун топшириқлар:
I топшириқ. Қуйидаги саволларга жавоб беринг.
1. “Ҳадис” сўзининг луғавий маъноси нима?
2. Ҳадислар нима учун мўътабар манба ҳисобланади?
3.Муҳаддис ким? Қайси муҳаддисларни биласиз?
4.Имом ал-Бухорийнинг ҳаёти ва ижодлари ҳақида нималарни биласиз?
5. Имом ал-Бухорий қаерларда таҳсил олди?
6. Нима учун Имом ал-Бухорийнинг "Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" асари ислом дини таълимотларига кўра Қуръони каримдан кейинги асосий манба хисобланади?
7. Ота-онасини рози қилмаган фарзандлар ҳақида ҳадисларда қандай фикрлар бор?
1. Ҳадисларнинг бугунги кундаги аҳамияти нимада деб ўйлайсиз?
2. “Ал-адаб ал-муфрат”нинг маъноси нима?
3. Ҳадисларнинг адиблар ижодига таъсири ҳақида нималарни биласиз?
II топшириқ.Одоб-ахлоққа доир ҳадислардан ёд олинг ва таҳлил қилинг.
17-мавзу: Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари(2 соат)
Режа:
1. Фирдавсийнинг ҳаёти ва ижоди.
2. “Шоҳнома”нинг яратилиши.
3. “Шоҳнома” – достонлар мажмуи.
Таянч тушунчалар: “Фирдавс”, форс-тожик адабиёти, ҳажвия, пешдодийлар, ашконийлар, сомонийлар, фирдавсшунослар, насрий вариант, шеърий йўл.
Абулқосим Фирдавсий она-Ватан учун фидойи юзлаб баҳодирлар образини яратган форс-тожик адабиётининг улкан шоиридир. У 941 йилда Эроннинг Тус шаҳри яқинидаги Бож қишлоғида ўртаҳол деҳқон оиласида туғилган. Бўлажак шоирнинг отаси Тус ҳокимининг “Фирдавс”яъни “Жаннат” номли боғида боғбон бўлган. Фирдавсий дастлаб қишлоғидаги диний мактабда, сўнг Тус шаҳри мадрасаларида таҳсил олади. Отаси вафотидан сўнг боғбонлик қилади. Шарқ халқлари тарихини зўр завқ билан ўрганади, кўҳна ривоятларни ёзиб олади. Айтишларича, Хуросон ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавий шоирга “Шоҳнома” (Шоҳлар ҳақида китоб) ёзишни топширади ва асардаги ҳар бир мисра учун бир динор олтин танга беришни ваъда қилади. Ҳукумдор ваъдасидан тониб, шоирга 120 дона кумуш танга беради. Фирдавсий бундан ғазабланиб, бу тангаларнинг бир бўлагини ҳаммом ходимига, бир қисмини шарбат сотувчига ва яна бир бўлагини пулни олиб келган мулозимларга тақсимлаб беради. Маҳмуд Ғазнавийни хасислик ва пасткашликда айбловчи ҳажвия ёзади. Шоир қувғинда юради, Ироққа кўчиб бориб, Бағдодда “Юсуф ва Зулайхо” достонини ёзади. У 1025 йилда ўз она қишлоғида вафот этади. Руҳонийлар унинг жасадини мусулмонлар қабристонига қўймаганларидан сўнг, уни ўзининг боғига дафн этадилар.
Фирдавсий шеърий ижодининг қачон бошлангани маълум эмас, Аммо фирдавсшунослар унинг “Шоҳнома”ни ёзишда 35 ёшда эканлиги ҳақида маълумот берадилар.
“Шоҳнома”да тасвирланган воқеалар эрамизгача бўлган 3223 йилдан бошланади ва 4 сулола тарихини ўз ичига олади. Бу сулолалар қуйидагилар:
а) пешдодийлар сулоласи – эрамизгача бўлган 3223 -782 йиллар;
б) каёнийлар сулоласи – эрамизгача бўлган 782-50 йиллар
в ) ашконийлар сулоласи – эрамизгача бўлган 50 йилдан эрамизнинг 150 йилига қадар
е) сомонийлар сулоласи –эрамизнинг 150-651 йиллари.
“Шоҳнома” шартли равишда уч қисмга бўлинади: мифология, қаҳрамонлик ва тарихийқисмлар. Асар 60 минг байтдан иборат. Унда қариб 400 йил ичида Эрон заминида ҳукмронлик қилган 4 та сулолага мансуб 50 подшоҳ ҳаётига тегишли воқеа-ҳодисалар ўз аксини топган.
“Шоҳнома” ҳажми, мавзуси, образлари, ғоявий йўналиши ва бадиий қиммати жиҳатидан дунёдаги энг катта эпик асардир. У 100 ортиқ достонлардан ташкил топган. Уларда мингдан зиёд образ ва персонажлар тасвирланган. Шоирнинг бу асари илк бор 1682 йилда Мулла Хомуш охун – Хомуший томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Орадан бир қанча вақт ўтгач, Мулла Нодир Муҳаммад Бухорий “Шоҳнома”нинг ўзбекча насрий вариантини яратган. ХХ асрнинг 70-йилларида Ш. Шомуҳаммедов, Ж. Жабборов, Назармат каби ўзбек шоирлари томонидан шеърий йўл билан таржима қилинди.
ИЗОҲ: Ўқувчиларга ушбу маълумотларберилгандан сўнг “Шоҳнома” таркибидаги “Рустам ва Сухроб” достони таҳлил қилинади. Мазкур достон ўқувчилар томонидан ўқиб келинган бўлиши зарур. Достон таҳлилини қуйидаги режа асосида амалга ошириш мумкин: